Бугун, 17 октябр куни Қозоғистоннинг Актау шаҳрида дзюдо бўйича «Aktau Asian Open 2026» турнири бошланади. Мусобақада Ўзбекистон вакиллари ҳам медаллар учун баҳс олиб боради.
Аҳамиятлиси, ушбу турнирда Париж–2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам иштирок этади. Ҳамюртимиз икки йиллик танаффусдан сўнг яна татамига чиқади.
Келдиёрова аввалгидек −52 кг вазн тоифасида кураш олиб боради. Шу тариқа, Актаудаги мусобақа Олимпия чемпионининг танаффусдан кейинги илк турнири бўлади. У медаллар учун баҳсни ўзи Олимпия олтинини қўлга киритган вазн тоифасида давом эттиради.
Диёрадан ташқари, Ўзбекистон миллий жамоасининг бошқа аъзолари ҳам турнирда ўз имкониятларини синовдан ўтказади. Ушбу мусобақада юртимиздан жами 25 нафар дзюдочи қатнашади.
Маълумот ўрнида, бугун старт оладиган «Aktau Asian Open 2026» турнири 18 октябр куни якунланади.
Манба: Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади