Мадриднинг «Реал» клуби ва Франция миллий жамоаси яримҳимоячиси Орелен Чуамени Камеруннинг Манжо шаҳрида янги болалар уйини расман очди. Бу ҳақда Камеруннинг L'Équipe 237 нашри хабар берди.
Тадбир футболчининг бевосита иштирокида ўтказилган. Чуамени тарихий ватани ҳисобланган Камерунда ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Қайд этилишича, бу Чуаменининг мазкур муассасани қўллаб-қувватлашга қаратилган илк лойиҳаси эмас. Франциялик яримҳимоячи 2024 йил декабр ойида ҳам ушбу хайрия муассасасига тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун шахсий маблағларини ажратган.
Ўша вақтда футболчи муассасада тарбияланаётган болалар учун мўлжалланган янги мини-спорт мажмуаси қурилишини тўлиқ молиялаштирган.
Шу тариқа, Чуамени футболчилик фаолиятидан ташқари, Камерундаги ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда ҳам давом этмоқда.