«Брайтон» марказий яримҳимоячиси Ясин Аяри Лондоннинг «Челси» клуби кузатуви остида бўлиб турибди. Бу ҳақда TEAMtalk онлайн нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Аярининг «Брайтон» билан янги шартнома борасидаги музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. «Челси» эса мана шу вазиятдан унумли фойдаланиб қолишни ният қилган. Бироқ швециялик футболчи хизматларига «Галатасарой», «Фенербаҳче», «Милан» ва АПЛнинг бир нечта клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Таъкидланишича, «Брайтон» 23 ёшли Аярини ўз таркибида сақлаб қолмоқчи. Ўз навбатида клуб футболчисини тахминан 50 миллион еврога баҳоламоқда.
Ушбу мавсумда Аяри барча мусобақаларни инобатга олганда 12 ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлди.