Live
3
Ўзбек

11 ёшли шахматчи қиз 38 йиллик рекордни янгилади

Бошқалар
28 октябр, 07:10
Англия вакили Бодҳана Сиванандан энг ёш халқаро уста бўлиш учун барча талабларни бажарди.
11 ёшли шахматчи қиз 38 йиллик рекордни янгилади
Foto: UzChess

Англия вакили Бодҳана Сиванандан тарихдаги энг ёш аёл халқаро уста (IM) бўлиш учун барча талабларни бажарди, деб хабар беради UzChess.

У Черногорияда ўтказилган Европа клублар кубогининг сўнгги турида швециялик Виктория Йоҳанссонни мағлуб этиб, 7 имкониятдан 5,5 очко жамғарди ва учинчи IM нормасини қўлга киритди.

11 ёш, 7 ой ва 16 кунлигида бу натижага эришган Бодҳана афсонавий Юдит Полгарнинг 1988 йилдан буён сақланиб келаётган рекордини янгилади. У тарихда IM унвони талабларини энг эрта бажарган шахматчилар орасида 7-ўринни эгаллади.

Жавоҳир Синдаров эса ушбу тарихий рўйхатда 6-ўринда. Ўзбекистон вакили 2017 йилда, 11 ёш, 6 ой ва 16 кунлигида халқаро спорт устаси унвони талабларини бажарганди.

Маълумот учун, Бодҳана Сиванандан сентябр ойида Самарқандда ўтказилган шахмат олимпиадасида энг ёш аёл гроссмейстер (WGM) бўлиш учун ҳам барча талабларни бажарганди.

Бугунги янгиликлар