Тошкентнинг «Бунёдкор» клубидаги ҳолатни барча яхши билади. Молиявий муаммолар фонида жамоадаги вазият ҳақида энди ҳаммада тасаввур бор. Қийинчилик натижаларга ҳам таъсир қилди ва бунинг ортидан кўпчилик у ердан кетди, охири бош мураббий Илёс Зейтуллаев ҳам. Ўрнига эса Иван Бошкович келди. Мағлубиятлар билан бошлаган ушбу мутахассис бошчилигида «Бунёдкор» ниҳоят яқинда апрел ойидан бери давом этаётган мағлубиятли сериясига чек қўйди.
Клуб молиявий муаммолар гирдобида қолгач, табиийки, қарздорликлар ҳам бўй кўрсатмоқда. Масалан, яқинда клубнинг япониялик собиқ ўйинчиси Итсуки Урата ФИФАга арз қилганди. Унгача эса Риволдодан қарздорликни ҳам яхши биласиз. Аммо бундай қарздорликлар бу ҳали якуни эмас.
Гап шундаки, «Бунёдкор»нинг черногориялик собиқ футболчиси Марко Бугарин жорий йилнинг 17 сентябрь куни ФИФАга мурожаат қилиб шартномани бир томонлама бекор қилгани учун «Бунёдкор» клубидан сал кам 300 минг АҚШ доллари жарима ундирилишини сўраган, ўз навбатида ФИФА «Бунёдкор» клубига хат йўллаб Марко Бугарин даъвоси бўйича клуб ўз позициясини 7 октябргача ФИФАга юборишини сўраган. Қизиғи, футболчи билан шартнома 2027 йилнинг декабр ойигача тузилганди.
У «Бунёдкор»га 2025 йил бошида келган бўлиб, шу йилнинг ёзида жамоадан кетди ва ҳозирда Россия биринчи дивизионида «Спартак Кострома» шарафини ҳимоя қилмоқда. Марказий ҳимоячи Бугарин «Бунёдкор»даги бир ярим йиллик фаолияти давомида жами 41 та ўйиндан майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширган.
Демак, «Бунёдкор» ва Бугарин ўртасидаги воқеалар ривожини ҳам кузатиб борамиз.
«Бунёдкор»нинг яна бир собиқ футболчиси арз қилди
Футбол
24 сентябр, 02:56
У «Бунёдкор»га 2025 йил бошида келган бўлиб, шу йилнинг ёзида жамоадан кетди.
Фото: Бунёдкор ПФК