«Боруссия Д» клуби ҳужумчи Серу Гирасси билан янги шартнома борасида музокараларни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Қайд этилишича, «асаларилар» раҳбарияти гвинеялик 30 ёшли футболчининг ўйинларидан ва унинг жамоа натижаларига қўшаётган ҳиссасидан мамнун.
Шунингдек, томонлар ўртасидаги муносабатлар ҳам жуда яхши. Клуб Гирассини келажакдаги режаларининг муҳим қисми сифатида кўрмоқда.
Маълумот учун, Серу 2024 йилнинг ёзидан буён Дортмунд клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Гирасси бу мавсумда Бундеслига доирасида саккизта учрашувда майдонга тушиб, учта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.
Аввалроқ унга «МЮ» ва «Ювентус» жамоалари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.