UFC'нинг ярим оғир вазн тоифасидаги собиқ чемпиони Ян Блахович ўзбекистонлик Богдан Гусковга қарши жангга тайёргарлик жараёнида жароҳат олганини маълум қилди.
«Айиқни отмай туриб, терисини тақсимлама. Кейинги ҳафтадаёқ АҚШда бўлишим керак эди, лекин режаларни ўзгартиришга тўғри келди. Ғазабим қайнамоқда. Спаррингнинг сўнгги раунди, ноқулай вазият — тиззага зарба. Мениск йиртилиши.
Режа ва мақсад аниқ эди, шунинг учун хафсалам пир бўлди. Аммо бу охири эмас! Аллақачон иложи борича тезроқ қайтиш ва барчасини ўз шартларим асосида якунлаш устида ишлаяпман», — деб ёзди Блахович ижтимоий тармоқларда.
Блахович ва Гусков ўртасидаги жанг 10 май куни UFC 328 турнири доирасида бўлиб ўтиши керак эди.