Пролига 11-турида «Шўртан» Нукусда «Орол»га (1:3) ютқазиб қўйди. Ўйиндан сўнг ғузорликлар бош мураббийи Асрор Алиқулов ўз фикрларини билдирди.
«Учрашувга тайёргарлик жараёнида турнир жадвалида «Орол» жамоаси 1-ўринда, биз эса 2-ўринда эканлигимизни билардик. Бугунги беллашувда уларнинг очколар бўйича узоқлашиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак эди. Аммо афсуски, режаларимиз амалга ошмади. Биринчи голни стандарт вазиятдан ўтказиб юбордик. Шундан сўнг ҳисобни тенглаштиргандек бўлдик, аммо голимиз инобатга олинмади. Бу вазиятни ҳали қайта кўрганимиз йўқ. Кейинчалик иккинчи рақам остида ҳаракат қилиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишимиз керак эди. Аммо хатога йўл қўйдик ва «Орол» бизни қарши ҳужумда жазолади. Ҳатто улар яна гол уришлари ҳам мумкин эди. Бугун сунъий қопламали майдонда ўйнадик, аммо ўз футболимизни намойиш эта олмадик. Футболчилар якка курашларда ҳам ютқазишди. Натижада бу майдонда «Орол»га қарши ўз ўйинимизни кўрсата олмаганимиз аён бўлди.
— Бугунги учрашув амалда 6 очколик баҳс эди. Орадаги бир ярим ойлик танаффус давомида тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт бўлди. Ушбу учрашувга тайёргарлик қандай кечди?
— Тайёргарлик жараёнида майдон омили, рақибнинг ҳужум чизиғи, стандарт вазиятлардан фойдаланиши ҳамда футболчиларнинг жойлашувига алоҳида эътибор қаратдик. Афсуски, шунга қарамай, айнан стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Сунъий қопламали майдонда тўпнинг ҳаракати табиий майдондагидан фарқ қилади. Шу омиллар сабаб айрим вазиятларда хатоларга йўл қўйдик. Ҳаводаги курашларда ҳам имкониятни бой бердик. Мезбонлар ҳимояда жуда тартибли ҳаракат қилишди. Фурсатдан фойдаланиб, «Орол» жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман.
— Ҳозир трансфер ойнаси очиқ. 10 августга қадар жамоада яна янги футболчилар пайдо бўлиши мумкинми?
— Пролигада барча жамоалар таркибини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Трансфер ойнасидаги энг муҳим вазифа – футболчи танлашда адашмаслик. Малакали футболчи турли босимлар остида ҳам ўз ўйинини намойиш эта олади. Бугун биз ҳужум ташкил қилаётганимизда, «Орол» футболчилари қўполлик эвазига бўлса ҳам ҳужумларимизни тўхтатишди. Қолган футболчилари эса тезда ортга қайтиб, бўш зоналарни ёпишди. Натижада улар бизга ҳужумни ривожлантириш имконини бермади.
Бизга ҳам ёш, курашувчан ва тез қарор қабул қила оладиган футболчилар керак. Бу борада иш олиб боряпмиз. Ҳужумчиларимиз ҳам бугун ўз имкониятларидан фойдалана олишмади. Мезбонларнинг ҳимоячилари бўйдор ва жуда тартибли ўйин намойиш этишди. Балки бугун ҳужумларни тўғридан тўғри эмас, бошқача усулда ташкил этишимиз керак эди.
— Ўйинда кузатилдики, биринчи голдан кейин ҳам, иккинчи бўлимда ҳам узатмалар асосан юқоридан амалга оширилди. Бу майдон ҳолати билан боғлиқ қарорми ёки жамоанинг тактик режаси шундай эдими?
— Ўрта чизиқда тўпни йўқотишимиз иккинчи голни ўтказиб юборишимизга сабаб бўлди. Биз футболчиларга асосан қисқа паслар орқали ва марказий ҳудудда таваккал қилмасдан ўйнашни уқтирган эдик. Чунки «Орол»нинг юқори прессинг қўллашини билардик. Бундай вазиятда тўпни йўқотиш рақиб қанот футболчиларига кенг имконият яратади. Бугун қанот ва марказий ҳимоячиларимиз айрим вазиятларда хатоларга йўл қўйишди. Узатмалардаги аниқлик етишмагани эса ҳужумларни сифатли ташкил этишимизга тўсқинлик қилди», — дея Алиқуловнинг сўзларида келтиради «Шўртан» матбуот хизмати.