Пролига плей-оффининг иккинчи босқичи доирасидаги «Металлург» — ФарДУ баҳси 28 ноябр куни бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 14:00 да бошланади.
Аввалроқ мазкур беллашув 25 ноябрга белгиланган эди. Бироқ ФарДУ бош мураббийи Сергей Лебедовнинг бевақт вафоти муносабати билан Лига баҳсни қолдиришга қарор қилди.
Маълумот учун, Пролига плей-оффининг иккинчи босқичи 5 декабр, шанба куни ўтказилади. Лига мазкур босқичга чиқиши мумкин бўлган икки жамоанинг дам олиш ва тикланиш муддатларида катта тафовут юзага келмаслигини инобатга олиб, янги санани белгилади.
Қайд этилишича, қарор ҳар икки клуб ҳамда баҳсни трансляция қилиши режалаштирилган «Futbol TV» телеканали билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган.