«Челси» бош мураббийи Хаби Алонсо Англия Лига кубоги нимчоракфиналида «Ливерпул»га қарши кечган баҳсдан кейин жамоасининг мусобақани тарк этишига муносабат билдирди. «Энфилд»да ўтган баҳснинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди, пеналтилар сериясида эса мерсисайдликлар 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Ҳар сафар баҳс тақдири пеналтилар сериясида ҳал бўлса, кимдир мусобақадан чиқиб кетишни адолатсизлик деб ҳисоблайди. Ҳар икки томон ҳам жуда яхши курашди. Пеналтилар серияси эса исталган натижа юз бериши мумкинлигини англатади. Футболчилар «Энфилд»да рақобатбардош бўлиш учун етарлича яхши савия намойиш этишди. Пеналти туфайли гол ўтказиб юбордик, шундан кейин ҳисоб 1:1 бўлди. Умуман олганда, икки жамоа ҳам тенг ўйнади», — деди Алонсо BBC нашрига.
Мутахассис дарвозабон Майк Пендерснинг ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, жамоа кўп гол уриш имкониятларини яратмаган бўлса-да, дарвозабон барқарор ўйин кўрсатиб, муҳим вазиятларда ишончли ҳаракат қилган.
«Бу футбол. Бу ишимизнинг бир қисми. Биз яхши савия кўрсатдик ва шундай стадионларга келганингда айнан шу талаб этилади. Энди асосий эътиборимиз Премер-лигага қаратилган. Тикланиш учун вақтимиз кам, чунки шанба куни эрта бошланадиган баҳсимиз бор. Шу сабабли тезда кейинги ўйинга эътибор қаратишимиз керак», — дея қўшимча қилди «Челси» бош мураббийи.
Маълумот учун, «Ливерпул» Лига кубоги чоракфиналида «Борнмут» билан ўйнайди. Ушбу босқич баҳслари 14 декабрдан бошланадиган ҳафта давомида ўтказилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади