Саудия Арабистонининг «Ал Иттиҳод» клуби Карим Бенземанинг «Ал Ҳилол»га трансферидан сўнг янги юлдуз футболчи излашга киришди. Хабарларга кўра, жиддаликлар ушбу масалада «Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни асосий мақсад сифатида белгилаган. Бу ҳақда Goal нашри хабар бермоқда.
Мисрлик футболчи узоқ вақтдан буён Саудия клубларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Ҳозирда 33 ёшли ҳужумчининг «Ливерпул»даги келажаги ноаниқ бўлиб турибди — у ушбу мавсумда клуб сафида бор-йўғи олти бор гол урган. Салоҳ 2025 йил апрел ойида янги шартнома имзолаганига қарамай, унинг атрофидаги миш-мишлар яна кучайди.
Аввалроқ «Ал Иттиҳод» Салоҳ учун 150 млн фунт миқдорида таклиф билан чиққан, бироқ «Ливерпул» бу таклифни рад этганди. Футболчининг ўзи ҳам Саудия томони билан музокаралар жиддий бўлганини тан олган.
Эслатиб ўтамиз, Карим Бензема яқинда «Ал Иттиҳод»дан «Ал Ҳилол»га ўтиб, Саудия футболида катта шов-шувга сабаб бўлди. Аввал Мадриднинг «Реал» клуби сафида порлаган ҳужумчи 2023 йилдан буён Жидда жамоасида тўп тепган ва 2024/25 мавсумида клуб билан чемпионликни қўлга киритган эди.
Бенземанинг янги жамоаси — «Ал Ҳилол» айни пайтда чемпионат пешқадами ҳисобланади. Жамоа таркибида Сергей Милинкович-Савич, Малком, Дарвин Нунес ва Тео Эрнандес каби юлдузлар бор. Жамоани италиялик мутахассис Симоне Инзаги бошқармоқда.
Маълумот учун, Саудия Арабистони 2034 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида жаҳон футболидаги юлдузларни мамлакат чемпионатига жалб этишни давом эттирмоқчи.