Чемпионатни гарчи ғалаба билан бошлаб, кейинчалик омадсиз ўйинлар ўтказган ва сўнгра мураббий ўзгаргач, натижалари ижобий кўриниш олган "Андижон" клуби ёзги таътилдан қайтган ҳолда биринчи давранинг қолган турлари ва иккинчи давра учун ўз қароргоҳида тайёргарлигини давом эттирмоқда.
Таркибда маҳоратли футболчилар йиғилган ва улар мухлисларини хурсанд этиб келмоқда. Табиийки, ёзги йиғиндан кейинги мавсумни ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказишни мақсад қилишган.
Жамоанинг ажойиб яримҳимоячиларидан бири Хумоюнмирзо Иминов ҳам "Бургутлар" сафида астойдил машғулотларда фаоллик кўрсатмоқда. Футболчи эса бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Хумоюнмирзо, ёзги таътил қандай ўтди?
- Ёзги таътил жуда зўр ўтди. Қанча кўп дам бўлганига қарамай, оилам билан бирга бўлганим учун ҳаммаси тез ўтди. Бирор жойга боришни режалаштирмагандим. Асосан оила даврасида ўтказдим.
- Бу сафар илк бор биринчи давра билан иккинчи давра уланиб кетади. Ҳозирги таътилдан кейин бошқа таътил йўқ. Бу ҳолатга нима дейсиз?
- Айтганингиздек, биринчи марта шу ҳолат бўлиши. Бу бизнинг яхши натижага эришишимиз учун фойдамизга бўлади, деган умиддаман. Ўйлайманки, буни бизга фарқи йўқ. Иккинчи даврага пухта тайёрланиш учун ўз устимизда ишлаш борасида биз учун қўшимча вақт.
- Ортда қолган 11 турдан сўнг таассуротларингиз қандай?
- Яхши бошлагандик, кейин омад етишмади, деб ўйлайман. Кейинчалик эса вазиятни ўзгартира олдик. Ҳамма борини бериб ҳаракат қилди.
- Мавсум бошида келганингизда ортиқча вазнга эга эдингиз. Қишки йиғинда эса оздингиз. Қийин бўлмадими?
- Тўғри, бошида қишки йиғинга келганимда ортиқча вазн бор эди. Тўғрисини айтсам, осон бўлмади. Қийин машғулотларда олдинги вазнимга қайтишга эришдим. Энди шу вазнни ушлаб қолишим керак.
- Бош мураббий ўзгаргач, натижалар ҳам ижобий тарафга ўзгарди. Мураббий сизларни қандай руҳлантирди?
- Биринчи мураббий қўлдан келганини қилди, деб ўйлайман. Менимча, омад етишмади. Бош мураббий ўзгаргач, ўйин тактикамиз ўзгарди, кўп нарсалар ўзгарди. Ижобий натижаларимиз бардавом бўлсин.
- Клуб базаси ҳақида тасаввурингиз қандай эди ва ҳозирда фикрингиз қанақа?
- Клуб базасига келадиган бўлсак, мен янги база ҳақида дастлаб видеода кўргандим. Жуда ажойиб. Ўзбекистонда бундай базалар кам. Футбол учун, ўйинчилар учун ҳамма шароит яратилган. Мана шундай базалар кўпайишини хоҳлардим.
- Миллий жамоамиз илк бор мундиалда қатнашади. Тарихий учрашувлардан нималар кутяпсиз?
- Ҳа, биринчи марта мундиалда қатнашяпмиз. Буни узоқ йиллар давомида кутдик. Худо хоҳласа, яхши натижа, чиройли ўйинлар кутяпман. Ҳаммага омад тилайман. Ўзбекистонга мухлислик қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Жамоамизга ғалабалар тилаб қоламан.
Ҳумоюнмирзо Иминов: "Бош мураббий ўзгаргач ўйин тактикамиз ҳам ўзгарди"
Futbol
14 iyun, 04:12
"Андижон" иккинчи давра учун ўз қароргоҳида тайёргарлигини давом эттирмоқда.
Фото: Андижон ПФК