«Челси» ҳужумчиси Жоао Педро фаолиятини «Арсенал»да давом эттириши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди. Бу фикрни футболчининг «Уотфорд»даги собиқ жамоадоши Кейнан Девис билдирган.
Унинг сўзларига кўра, бразилиялик ҳужумчи ўз даражаси билан янада юқори босқичга чиқишга қодир.
«Машғулотларда ҳам унинг қандай даражада эканини кўрасиз. У бразилиялик, шунинг учун унда ўзига хос техника ва ўзига ишонч бор. У жуда яхши футболчи ва яхши инсон ҳам. Агар у катта қадам ташлаш учун бошқа клубга ўтса, бунга ҳайрон бўлмайман. Ҳатто «Арсенал»га ўтса ҳам ажабланмайман», — деди Девис.
Таъкидланишича, «Челси» бош мураббийи Лиам Росениор қўл остида Жоао Педро жуда самарали ўйин намойиш этмоқда. 24 ёшли футболчи мураббий келганидан бери 15 баҳсда 11 гол урди.
Ушбу даврда ҳужумчи «Астон Вилла»га қарши баҳсда хет-трик қайд этди ҳамда Англия Кубогида «Рексҳэм»га қарши ўйинда ҳам гол муаллифи бўлди.
Аввалроқ «Челси» мухлислари севимлисига айланган футболчининг «Арсенал»га ўтиши Кай Ҳавертснинг Лондоннинг кўк клубидан қизил клубига ўтган трансферини эслатиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.