39 ёшли босниялик ҳужумчи Эдин Жеко А Серияга қайтгани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Дастлабки бир неча соат айниқса ёқимли бўлди, чунки мен йигитлар ва клуб ходимлари билан танишдим. Италияга қайтганимдан ва буни Флоренция каби гўзал шаҳарда, «Фиорентина» каби нуфузли клубда амалга оширганимдан жуда хурсандман», — деди Жеко.
Ўтган мавсумда ҳужумчи «Фенербахче» сафида 53 та ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди. У аввалроқ «Волфсбург», «Манчестер Сити», «Рома» ва «Интер» клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Шунингдек, 39 ёшли форвард Босния терма жамоаси сафида 141 та ўйин ўтказиб, 68 та гол ва 29 та голли узатмага муаллифлик қилган. Аввалроқ Жеко «Фиорентина» билан 1+1 кўринишида шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.