«Қизилқум» клуби Суперлиганинг 21-турида Самарқандда «Динамо»га қарши майдонга тушди. Ўйинда навоийликлар 1:0 ҳисобида мағлуб бўлишди.
Беллашувдан сўнг «Қизилқум» бош мураббийи Жамшид Саидов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Аввало, айрим вазиятларни тўлиқ кўриб чиқишимиз, таҳлил қилишимиз керак. Умуман олганда, бугунги ўйиндан ҳам, йигитларнинг ҳаракатларидан ҳам мамнунман. Майдонда бор кучимизни бердик, йигитлар ўзларини тўлиқ сафарбар қилишди. Бизни қўллаб-қувватлаш учун узоқ йўлдан келган мухлисларимизга ҳам раҳмат айтаман. Энди навбатдаги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз. Ҳали мавсум давом этмоқда, иккинчи давра олдинда. Ҳар бир очко учун курашамиз.
- «Насаф» ва «Бухоро» устидан қозонилган ғалабалардан кейин бугун жамоага айнан нима етишмади, деб ўйлайсиз?
- Шунчаки, ўзимизда бўлган имкониятлардан фойдалана олмадик. Ўйин давомида футболчиларимиз жароҳат олишди. Шунга қарамай, имкониятларимиз бўлди, фақат улардан фойдалана олмадик. Биринчи бўлимда бир нечта вазиятлар яратдик, ҳатто гол ҳам урдик, аммо у ҳисобга олинмади. Менимча, йигитларга айтган барча кўрсатмаларимизни улар имкони борича бажаришди. Жамоа ғалаба учун ўйнади. Афсуски, омад бизнинг томонда бўлмади.
- Ўтган учрашувда ҳиссиётлар юқори эди. Бугунги ўйинга жамоа унчалик тетик чиқмагандек таассурот уйғонди. Бунга ўша учрашув ҳам таъсир қилган бўлиши мумкинми?
- Ҳа, ўйинлар орасидаги вақт жуда қисқа бўлди. Менимча, қаердадир йигитлар тўлиқ тикланишга улгурмаган бўлишлари мумкин. Бу омил ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
- Гол урилган вазият ҳақида. Майдондан туриб кузатганимизда, ҳакамнинг айрим кичик-кичик қарорларида хатолар бордек кўринди. Масалан, дарвозабон тўпни ўйинга киритаётганида унга саноқ берилди. Саноҡ пайтида эса ҳакам қўлини кўтариб, тўп ҳали дарвозабон оёғига тегмасидан туриб қўлини тушириб юборди. Бу вазиятга қандай қарайсиз?
- Мен бундай вазиятларни ҳеч қачон муҳокама қилишни истамайман. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай эпизодларни кўриб чиқадиган, таҳлил қиладиган қўмита бор, деб ўйлайман. Улар вазиятни кўриб, ўрганиб чиқишади. Ўйиндан кейин, эҳтимол, айрим эпизодларни ўзим ҳам кўриб чиқарман. Лекин энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Ҳакамга нисбатан қандайдир эътирозлар бўлса, уларни ҳам тегишли қўмита кўриб чиқади. Хатолар бўлганми ёки йўқми — таҳлил қилиб чиқишади.
- Олдинги учрашувларда, айниқса кучли рақибларга қарши баҳсларда, ижобий натижалар қайд этилганди. Аммо уларнинг барчаси ўз майдонида бўлди. Шундай қараш бор: жамоа сафарда ўйнаганда, ўзини йўқотмаса ҳам, барибир ўз уйидагидек эркин ҳаракат қила олмайди. Сизнингча, майдон омили жамоага қай даражада таъсир қилади?
- Бу ҳам муҳим омил. Ахир «уйда деворлар ҳам ёрдам беради», деб бежиз айтишмайди. Лекин бугун жамоамизда майдон омили сабабли қандайдир босим ёки ноқулайлик бўлган, деб ўйламайман. Бизда ҳам вазиятлар бўлди. Афсуски, улардан фойдалана олмадик. Футболда доим шундай: сен гол урмасанг, рақиб сенга гол уради. Бизга гол урилган вазиятда ҳимоячиларимиз бироз шошилиб, вазиятни тўлиқ англаб етмади. Керакли вақтда тўпни олиб қўя олмадик, вазиятга муносиб реакция билдира олмадик.
Яна бир бор айтаман: агар биз ўз имкониятларимиздан бирини голга айлантирганимизда, эҳтимол, ўйин сценарийси бутунлай бошқача бўларди.
- Биринчи бўлимдаги жамоа билан иккинчи бўлимдаги жамоа ўртасида маълум фарқ сезилди. Албатта, «Динамо» ҳам иккинчи бўлимда ўйинини кучайтирди. Сиз буни қандай баҳолайсиз?
- Мен буни айнан шундай баҳоламаган бўлардим. Биз иккинчи бўлимда бироз схемани ўзгартирдик, қайта тузилдик. Ҳимоядан бироз узоқлашиб, қарши ҳужумлар ҳисобига ўйнашга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, иккинчи бўлимда ҳам ёмон ўйнаганимиз йўқ. Шунчаки, қаердадир «Динамо»га устунликни бериб қўйдик.
Ҳисобга олинмаган гол эса, эҳтимол, психологик жиҳатдан таъсир қилган бўлиши мумкин. Футболда психология катта роль ўйнайди. Футболчилар асабийлашади, ўз ҳиссиётларини ташқарига чиқаради ва қаердадир «концентрация» йўқолади. Балки сиз айтаётган омил ҳам ўз таъсирини кўрсатгандир», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.