Навоийнинг «Қизилқум» жамоасида бош мураббий ўзгарганидан хабарингиз бўлса керак.
Куни кеча Акмал Рустамов истеъфога чиқарилди ва ўрнига Жамшид Саидов бош мураббий этиб тайинланди.
Бунгача «Локомотив»да ишлаб келаётган мутахассис ундан аввал айнан «Қизилқум»да фаолият олиб борган ва у яна собиқ клубига қайтди.
Саидов «Қизлиқум» бош мураббийи этиб тайинлангач, ўзининг илк интервюсини Tribuna.uz нашрига берди.
- Ўз вақтида «Қизилқум»да ишлагансиз ва яна собиқ клубингизга қайтдингиз. Лекин сиз куни кеча ҳам «Локомотив» машғулотларида эдингиз. Энди эса «Қизилқум»дасиз. Ҳаммаси жуда тез содир бўлдими ёки анча аввалдан бошланганмиди?
- Музокара бир кунда ҳал бўлгани йўқ. Олдиндан бу борада гаплашиб, барча масалани муҳокама қилиб келдик. Мана, ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлгач, Навоийга келдим ва шартнома имзоладик. Унгача музокаралар олиб борилди ва шу сабабли ҳеч қаерда ҳеч қандай маълумот чиққани йўқ. Сиз ҳам интернетда мени «Локомотив» машғулотларида ишлаётганимни кўргансиз. Шу пайтгача у ерда Мирко Еличичга ёрдам бериб келаётгандим. Мирко Австралияда эди. Сал кечроқ келди. «Локомотив» 8 июндан ўзини базасида машғулотларни бошлади. Музокара олдиндан давом этиб келаётганди. Мирко келгунича у ерда машғулотларни ўтказиб турдим ва Еличич келганидан кейин жамоани унга топшириб келдим. «Локомотив” раҳбарияти билан ҳам гаплашиб олдим. Биз ўзаро дўстона равишда хайрлашдик. Аввало, Тўлабек Акрамовга миннатдорчилик билдираман. Вазиятни тўғри тушуниб, мени қўллаб-қувватлади ва натижада «Қизилқум» жамоаси таклифини қабул қилдим.
- «Қизилқум»да олдингизга қандай аниқ мақсад қўйилди?
- Балки тақдирим шунақами, билмадиму, аммо ҳар доим пастки ўринлардаги, вазиятни ўнглашга бел боғлаган жамоалар чақиришади (кулади). Биласиз, кўп йиллардан бери Суперлигада ишлаб келяпман ва доим қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Мен ҳам сеҳргар эмасман. Бор куч ва имкониятимни ишга соламан. Ҳаммаси Худодан. «Қизилқум» ҳам кўп йиллик жамоа. Ҳозирда пастки ўриндаги жамоадан фақат икки очкога олдинда. Биз ҳам вазиятни тушуниб турибмиз. Ҳали биринчи давра тугагани йўқ. 8 июлдан ёзги трансфер ойнаси очилади. Раҳбарият билан албатта бу масалада гаплашяпмиз. Энг асосийси, иккинчи даврадан. Кўп жамоалар бор кучи билан курашишади. Биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада қаттиқ кураш бўлади. Ким пастда ёки тепада бўлмасин максимал даражада ҳаракат қилади.
- Бу ёғига тайёргарлик режалари қандай бўлади?
- Навоийда йиғинни бошладик. Бир-иккита легионерлар ҳали келгани йўқ. Тўлиқ таркиб йиғилмаган. Бир-икки кун ичида ҳаммаси тўлиқ бўлади. Йиғин пайтида маслаҳатлашиб, гаплашамиз. Ким керак, ким керак эмас, раҳбарлар билан муҳокама қиламиз. Иккинчи даврага яхши тайёргарлик кўрамиз. Бир ойдан кўпроқ вақт бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам селекция ишлари олиб борилади.
- Клубни тарк этганлар борми?
- Мен келгунимга қадар тожикистонлик футболчи жамоани тарк этибди. Қолганлар -ҳаммаси жойида. Жароҳат олганлар бор. Марказий ҳужумчи Шохруз Норхонов, шунингдек, Асрор Ғофуров ҳам даволанишда. Селекияда камчиликларни тўғрилашга ва ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз.
- Сиз сўнгги бор «Қизилқум»да 2024 йили ишлагандингиз. Ҳали орадан у қадар кўп вақт ўтгани йўқ. Собиқ жамоангизга қайтгач, қандай ўзгаришларга гувоҳ бўляпсиз?
- Биласиз, мен бухороликман. Навоий – «Қизилқум» жамоаси менга бегона эмас. Бу ерда ҳаммани танийман. Ўйлайманки, бу ерда менга осон бўлади. Раҳбарият, мураббийлар штаби ҳамма мени билади. Яхшими-ёмонми, ишлаган пайтимда ҳам биз қўлимиздан келганича ҳаракат қилганмиз. Яна «Қизилқум» жамоаси менга ишонч билдиряпти. Вазиятни кўриб турибсиз. Бу ҳолатдан максимал даражада жамоани олиб чиқиш ва турнир жадвалида клубни юқорироққа кўтаришимиз керак.
- Мураббийлар штаби қандай кўриниш оляпти?
- Менга жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Акмал Шораҳмедов ёрдам беради. Қолган мураббийлар штаби ўз жойида.
Жамшид Саидов: «Мен ҳам сеҳргар эмасман. Ҳаммаси Худодан»
Эксклюзив
12 июн, 02:07
Саидов «Қизлиқум» бош мураббийи этиб тайинлангач, ўзининг илк интервюсини Tribuna.uz нашрига берди.
Фото: Қизилқум ПФК