Пролигада ҳам кураш қизғин тус олган. Суперлигани кўзлаган жамоалар ўртасидаги рақобат ҳам кескин кечмоқда. Ўтган турда марказий ўйин мақомида остида «Шўртан» - «Каттақўрғон» ўйини бўлиб ўтди ва унда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Хабарингиз бўлса, «Каттақўрғон» ўз олдига қўйилган мақсадига эришиш йўлида бош мураббийни ҳам ўзгартирган. Ёрқин Назаров ўрнига россиялик Юрий Уткулбаев таклиф қилинган. Унинг бошчилигида клуб ҳозирча 3-ўринни эгаллаб турибди. Пешқадамдан 9 очко, 2-ўриндаги жамоадан эса 3 очко ортда қоляпти.
Олдинда «Каттақўрғон»ни 21 август куни ўз майдонида «Ғазалкент»га қарши учрашув кутмоқда. Хўш, Юрий Уткульбаев жамоаси билан ўз олдига қўйилган вазифани бажара олармикин? Ўтган турда асосий рақобатчиларидан бирига мағлубиятга учраш албатта ёқимсиз. Энди мураббий жамоасини янада руҳлантириши керак бўлади. «Каттақўрғон» устози эса бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Юрий Анварович, аввало ўйин борасида нима дея оласиз?
- Менимча, очколар жадвалида ҳам тенг бўлган икки жамоа учрашди. Ўйин голга қадар давом этди, десак бўлади. Биз ўз имкониятимиздан фойдалана олмадик, мезбонлар эса ўз имкониятини голга айлантирди. Менинг бутун фикрим шу.
- Беш нафар ҳимоячи билан ўйнадингиз. Мақсад дурангни сақлаб қолишмиди?
- Биз доимо шу тарзда ўйнаймиз. Бунгача ҳам ҳар доим беш нафар ҳимоячи билан ўйнаб келганмиз.
- Захирадан майдонга тушган футболчилар жамоа ўйинини қай даражада ўзгартира олди? Улар жамоага қанчалик ёрдам берди, ўйиннинг боришига қанчалик таъсир кўрсатди?
- Барча алмаштиришлар яхши ишлади.
- Олдинги ўйинда ҳам мағлуб бўлдингиз. Умуман, ўйинлардан келиб чиқиб, қайси жамоа сизлар учун ноқулайроқ рақиб бўлди?
- Ноқулай рақиб? Икки ой олдинги ўйинни назарда тутяпсизми? Бу яқинда бўлган, деганими? Икки ой олдин бир жамоага қарши ўйнаганмиз. Ҳозир у жамоа қандай бўлгани, қандай ўйнаганимиз эсимда ҳам йўқ. Лекин бунинг фарқи йўқ. Жамоа қайси ҳудуддан экани биз учун аҳамиятсиз. Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Бугун турли сабабларга кўра бунинг уддасидан чиқа олмадик. Бу сабабларни таҳлил қилиб чиқамиз.
Шунинг учун биз жамоаларни «қулай» ва «ноқулай» деб ажратмаймиз. Улар қаердан экани, бизга яқин ёки узоқ жойлашгани муҳим эмас. Турли стадионларда ўйнаяпмиз. Барибир ҳаммаси Ўзбекистонда. Шунинг учун барча жамоаларга қарши ўйнаш керак.
- Вагиз Галиулин мавсум охиригача футболчи сифатида фаолиятини давом эттирадими ёки мураббийлар штабига қўшилдими? У мавсум охиригача футболчи сифатида ўйнайдими ёки якунда уни мураббийлар штабига жалб қилмоқчимисиз?
- Вагиз Галиулин футболчи сифатида протоколга киритилган. Ҳа, у машғулот жараёнида ҳам бизга ёрдам беряпти. Чунки у ҳурматга сазовор, обрўли футболчи, миллий жамоада ўйнаган. Биз уни мураббийлар штабига ҳам жалб қиляпмиз. У бизга ёрдам беради, жумладан, ўйинларнинг ўзида ҳам иштирок этади. Ҳар бир матбуот анжуманида шу савол берилади. Бир марта тушунтириб қўйиш керак, ҳамма тушуниб олсин. Бу савол уларга жуда қизиқ.
- Режани ўйин давомида қай даражада амалга ошира оляпсиз?
- Жамоанинг тактикаси, режаларимиз ҳақида батафсил гапириш — жуда узоқ суҳбат. Бу қисқа, блиц-саволга жавоб берадиган мавзу эмас, деб ўйлайман. Агар футбол ҳақида батафсил ўтириб гаплашиш керак бўлса — нимани хоҳлаганимиз, қандай ўйнаганимиз ҳақида — бу жуда узоқ жараён.
Биз бу ерга ғалаба учун келган эдик. Рақиб тўпга кўпроқ эгалик қилишини тушунардик. Бу тажрибали жамоа эканини, кўплаб футболчилари Суперлигада ўйнаганини билардик. Шунга мос равишда ўйин учун тактик режа туздик ва у 80-дақиқагача ишлади. Кейин, 85–86-дақиқаларда жуда оддий вазиятларда бир-иккита хатога йўл қўйдик. Тўпнинг рақиб ҳужумчисига жуда омадли тарзда қайтиб келиши ҳам уларга қўл келди. Ваҳоланки, бундан беш-етти дақиқа олдин бизда жуда яхши имконият бўлган эди. Агар ўша вазиятда гол урганимизда, ўйин ўша дақиқадаёқ тугаган бўларди. Бу — футбол. Нимадир ишлайди, нимадир ишламайди. Лекин охир-оқибатда ҳар доим кучлироқ ва ғалабага кўпроқ муносиб бўлган жамоа ютади.
Юрий Уткулбаев: «Биз жамоаларни «қулай» ва «ноқулай» деб ажратмаймиз»
Эксклюзив
19 август, 10:41
«Каттақўрғон» устози Tribuna.uz мухбири билан суҳбатлашди.
Фото: Каттақўрғон ПФК