Live
2
Ўзбек

Ямал Шакира ва Пике яшаган 14 миллион евролик уйни сотиб олмоқда

Футбол
1 ноябр, 15:00
Ямал Шакира ва Пике яшаган 14 миллион евролик уйни сотиб олмоқда
Foto: Getty Images

«Барселона» ҳужумчиси Ламин Ямал машҳур қўшиқчи Шакира ва собиқ футболчи Жерар Пике яшаган 14 миллион евролик уйни сотиб олаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди.

Ямал Инстаграмдаги 14 миллион кузатувчисига таъсирли суратлар тўпламини жойлаб, орқа томони билан камерага қараб, ҳашаматли вилла ва унинг ҳовузига қараб турганини кўрсатган. Шу сурат орқали у мазкур мулкни харид қилмоқчи эканини гўё тасдиқлагандек бўлди.

2012 йилда қурилган ушбу қароргоҳ дастлаб 3 800 квадрат метр майдонда жойлашган учта бинодан иборат бўлган. Унда усти ёпиқ ва очиқ сузиш ҳовузлари, теннис корти ҳамда Шакиранинг ўзи фойдаланадиган овоз ёзиш студияси мавжуд. Жуфтлик 2022 йилда ажрашганидан сўнг, уй 14 миллион еврога савдога қўйилган, бироқ икки йил давомида харидор топилмаган. Кейинчалик кичик бинолардан бири алоҳида сотилган ва умумий нарх 11 миллион еврога туширилган.

Испаниянинг Mundo Deportivo нашрига кўра, Ямал энди ушбу ҳашаматли уйни сотиб олиб, амакиваччаси ва яқин дўсти билан шу ерга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. У шунингдек, бинони ўз дидига мослаб реконструкция қилиш учун катта маблағ сарфлашни ҳам мўлжаллаган.

Манбаларга кўра, асосий бинода 6 та ётоқ хонаси ва 5 та ҳаммом мавжуд. Уй Ўрта Ер денгизига қараган шиша деворли кенг меҳмонхонага эга. Ташқи ҳудудда эса майсазор ва дам олиш зонаси жойлашган. Шакиранинг собиқ студияси эса энди ўйин хонаси ёки шахсий кинотеатрга айлантирилиши мумкин.

Бу харид Ямал учун янги даврни бошлаб беради. У май ойида «Барселона» билан 6 йиллик шартнома имзолаган бўлиб, йилига тахминан 30 миллион евро ишлаб топади. Бу уни дунёнинг энг кўп маош оладиган ёш футболчиларидан бирига айлантирган. Forbes маълумотларига кўра, реклама шартномалари билан биргаликда унинг йиллик даромади 43 миллион долларга етади.

Шу билан бирга, Ямал сўнгги ҳафталарда чаноқ мушаклари билан боғлиқ жароҳат сабаб муаммоларга дуч келмоқда. Бу хасталик Лионел Мессида ҳам кузатилган бўлиб, даволаниши мураккаб саналади.

Бугунги янгиликлар