Бугун
43
Ўзбек

Вадим Абрамов «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди

Футбол
27 август, 03:10
Мутахассис мукофотни Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоевдан қабул қилиб олди.
Вадим Абрамов «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди
Фото: Getty Images

Самарқанднинг «Динамо» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

«Динамо» Профессионал футбол клубининг бош мураббийи Абрамов Вадим Карленович мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тақдирланган юртдошларимизга мукофотларни топшириш маросими ўтказилди. Унда «Динамо» жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам иштирок этиб, вилоят ҳокими Адиз Бобоевдан «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишонини қабул қилиб олди.

Вилоят ҳокими жамоамиз устозини мамлакат раҳбари томонидан тақдирлангани билан қутлаб, мураббийнинг фидокорона меҳнатини эътироф этди ва «Динамо» ПФК жамоасига омад тилади.

Қайд этиш жоиз, Вадим Карленович сўнгги 4 йилдан буён «Динамо» ПФКда самарали фаолият юритиб, 2025 йил якунида жамоа тарихида 25 йил аввал қайд этилган энг яхши натижа – Суперлигада 4-ўринни эгаллаган ва Ўзбекистон кубоги яримфиналигача етиб борганди.

64 ёшли мутахассис «Динамо»даги фаолияти орқали ҳам Ўзбекистон миллий жамоаси, олимпия ва ёшлар жамоаларига ҳам янги номларни етказишда давом этмоқда. Айнан Абрамовнинг қўл остидаги ўйинлари орқали Жаҳонгир Ўрозов жаҳон чемпионатида иштирок этиб, легионерга айланди, Азизбек Амонов мундиалда қатнашди.

Анваржон Ҳожимирзаев миллий жамоа даражасига кўтарилди, ёш ўйинчилардан Фирдавс Абдураҳмонов, Ойбек Ўрмонжонов олимпия жамоаси етакчиларига айланди. Қолаверса, «Динамо»нинг яна бир қатор ўйинчилари турли ёшдаги миллий жамоаларимизга номзодлар қаторидан жой олиб келмоқда.

Дарҳақиқат, нафақат Самарқанд, балки ўзбек футболининг янги даражага кўтарилаётганида жамоамиз устози Вадим Карленовичнинг ҳам ҳиссаси беқиёс бўлмоқда ва бу улкан меҳнат ва фидойилик мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эътироф этилгани «Динамо» мисолидаги катта аҳил футбол оиласининг ҳам ютуғидир», — дейилади хабарда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Динамо Динамо
Бугунги янгиликлар