«Динамо» клуби ўз майдонида «Бунёдкор»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
— Нима ҳам дердим? Футболчиларга эътироз билдириш қийин. Улар ҳаракат қилишди, бор кучларини ишга солишди. Вазиятларимиз ҳам бўлди, афсуски, улардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда рақиб бир марта дарвозамиз томон зарба берди ва голга айланди. Биз эса ўз имкониятларимизни гол билан якунлай олмадик.
Бундан ташқари, офсайд деб топилган вазият ҳам тушунарсиз бўлди. Қайта кўриб чиқдик, менимча, у ерда офсайд йўқ эди. Мен доимо ҳакамлик ҳақида гапиришни ёқтирмайман, аммо бугунги ҳолатлар ҳақида гапирмаслик ҳам қийин.
Бугун учта баҳсли вазият бўлди. Ҳатто пеналти бўлиши мумкин бўлган ҳолатда ҳам VAR аралашмади. Нима учун бу йил бизга нисбатан ҳакамлик шундай бўлаётганини тушунмайман. Ўтган йили ҳам ҳакамларнинг хатолари туфайли медаллардан қуруқ қолган эдик. Афсуски, бу ҳолатлар давом этмоқда.
Умид қиламанки, масъуллар бу вазиятларни қайта кўриб чиқиб, келгусида холис ҳакамликни таъминлашади. Акс ҳолда VAR нима учун керак? Агар ундан фойдаланилмаса, унинг нима кераги бор?
Яна бир тушунарсиз ҳолат — қўшиб берилган олти дақиқа. Пеналтига оид вазиятни VAR орқали узоқ вақт кўришди. Назаримда, 90-дақиқагача шу ҳолатни муҳокама қилишди. Асосий вақт тугаганидан кейин ҳам яна VAR кўрилди ва шундан сўнг олти дақиқа қўшиб берилди. Бу ҳам ажабланарли. Лекин ҳакамлар шундай қарор чиқаришган экан, демак, биз уни қабул қилишимиз керак.
- Бугун Абдусаломов ва Ўрмонжонов жамоага ёрдам бера олмади. Уларнинг ҳолати қандай? Кейинги ўйинга сафга қайтишлари мумкинми?
— Абдусаломов операцияни бошдан кечирган. Ўрмонжонов эса машғулот жараёнида жароҳат олган. Умид қиламизки, кейинги ўйинга қадар сафга қайтишади.
- «Нефтчи» чемпионликка тайёргарлик кўраётгани, «Динамо»ни мағлуб этиб, чемпионликни нишонлашни режалаштираётгани ҳақида гап-сўзлар бор. Сиз уларнинг байрамига халақит беришни истамайсизми?
— Биз ҳозирча ўз байрамимиз ҳақида ўйлаяпмиз. Бугунги ўйин ҳақида гаплашяпмиз, ҳозирча бошқа нарсаларга эътибор қаратмаяпмиз. «Нефтчи»нинг нимага тайёргарлик кўраётгани бизнинг муаммомиз эмас. Бу — уларнинг иши. Бизнинг ўз вазифаларимиз бор, шу ҳақида ўйлашимиз керак.- Жамоадаги жароҳатланган футболчилардан бири ҳақида аниқлик киритсангиз. Унинг жароҳати қанчалик жиддий?
— Унда мушакда узилиш бор. Бу анча вақт даволанишни талаб қилади. Қизиғи, у ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушган, машғулотларда ҳам югурган. Кейин МРТ текширувидан ўтказганимизда, жароҳати жиддий экани маълум бўлди. У анчадан бери шу жароҳат билан ҳаракат қилиб келган. Ҳатто фақат чап оёғида ўйнаган ҳолатлари ҳам бўлган. Биз жароҳат бунчалик жиддийлигини билмаган эдик.
- Бугун «Динамо» бир қатор вазиятлар яратди, аммо жамоа ўйинни бир маромга солиб ололмаётгандек кўринди. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам шошма-шошарлик кузатилди. Бунинг сабаби нимада?
— Футболчилар баъзан шошилиб қарор қабул қилишади. Бу борада улар билан доим гаплашамиз, тушунтирамиз. Афсуски, ҳужумга ўтганимизда ҳимоячиларимиз ҳам, ҳатто ҳужумчиларимиз ҳам вазиятни тўлиқ назорат қилмайди. Улар фақат олдинга қараб, ҳужумчиларга ёрдам беришни ўйлашади.
Бу мавсумда гол ура олмаган иккинчи ўйинимиз бўлди. Биринчи шундай учрашув «Нефтчи»га қарши кечганди. Бугун ҳам вазиятлар яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Бу, албатта, афсусланарли.
- Миллий жамоалар ўйинлари учун берилган танаффусдан кейин футболчиларнинг ўйин ритмини йўқотиши кузатилади. Бугунги учрашувдаги ҳолат ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкинми?
— Одатда миллий жамоалар ўйинлари учун берилган танаффусдан кейин шундай ҳолатлар кузатилади. Футболчилар ўйин ритмидан чиқиб қолишади. Менимча,
бугунги ҳолат ҳам айнан шу билан боғлиқ.
Баъзан футболда шундай бўлади: рақиб зарба беради ва тўп дарвозага кириб кетади. Бу ҳам футболнинг бир қисми. Бугун ҳам шундай вазият юз берди. Буни алоҳида бирор нарса билан изоҳлаш қийин.
- Назарий жиҳатдан қараганда, қолган турлардаги натижалар ва турнир жадвалидаги вазиятга қараб, «Динамо» қуйи лигага тушиб кетиш хавфи бўлган ҳудудда қолиши мумкин. Бу ҳолат жамоанинг мавсум олдига қўйган вазифаларига қанчалик мос келади?
— Албатта, бундай бўлишини истамаймиз. Мавсум давомида вазият ўзгарди. Дастлабки режаларимиз бошқача эди, аммо кейин турли ҳолатлар юзага келди. Бу ҳам мавсумнинг ўзига хос қийинчиликлари билан боғлиқ.
Яхши томони шундаки, биринчи ва иккинчи давра оралиғидаги танаффусда футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиққа учрамадик. Бу муаммодан қутулиб қолдик. Умуман олганда, мавсум биз учун осон кечмаяпти. Энди қолган ўйинларда вазиятни тўғрилашга ҳаракат қиламиз», - дея Вадим Карленовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.