UEFA президенти маслаҳатчиси ҳисобланган Йозеф Климент Россиянинг халқаро мусобақаларга қайтиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирди.
«Биз барчамиз катта футбол оиласининг бир қисмимиз. Барча мамлакатлар бир-бирига қарши ўйнашини истаймиз.
Шу билан бирга, мавжуд вазиятни ҳам тушунамиз. Ҳозирча бу ҳолатни ўзгартира олмаймиз. Кутиш ва воқеалар қандай ривожланишини кузатиш керак», — деди UEFA вакили.
Эслатиб ўтамиз, Россия FIFA ва UEFA қарорига кўра халқаро мусобақалардан четлатилган. Таъқиқ 2022 йил феврал ойидан буён амал қилиб келмоқда.
Дисквалификация сабаб Россия миллий жамоаси ҳозирда фақат ўртоқлик ўйинларида иштирок этиши мумкин. Аввалроқ мамлакат ёшлар ва ўсмирлар жамоаси ҳам халқаро мусобақаларга қайтмаслиги маълум қилинганди.