Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) FIFA мусобақаларини бойкот қилишини маълум қилди. Агар FIFA жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларга бўлган ҳуқуқларни хусусий инвесторларга сотиш ҳақидаги режасини амалга оширса, УЕФАга аъзо барча 55 та миллий ассоциация ушбу турнирлардан қатнашмайди.
«УЕФА ва унинг таркибига кирувчи 55 та миллий ассоциация якдил позицияда турибди. Биз FIFA’нинг жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларга мулкчилик ҳуқуқини хусусий инвесторларга бериш ҳақидаги таклифини бир овоздан қатъий рад этамиз.
Жаҳон чемпионатини инвестиция маҳсулоти сифатида кўриб бўлмайди. Бу футболнинг авлодлар давомида футболчилар, миллий жамоалар ва мухлислар томонидан яратилган энг буюк меросидир. Уни сотиб бўлмайди.
Бундай муҳим ташаббуснинг футболни бошқаришга масъул томонлар билан маслаҳатлашмасдан, махфий тарзда ишлаб чиқилиб, деярли тасдиқлаш босқичига олиб келингани масъулиятсизлик ва кечириб бўлмайдиган ҳолатдир. Бу раҳбарликдаги камчилик эмас, балки FIFA’нинг жаҳон футболи ҳомийси сифатидаги бурчидан воз кечишидир.
Агар ташқи инвесторлар FIFA мусобақаларида улушга эга бўлса, футбол абадий ўзгаради. Тижорий даромад доимий мажбуриятга, инвесторларнинг кутилмалари эса кундалик босимга айланади. Бу моделнинг жаҳон футболида ўрни йўқ. Футбол келажагини асосий мақсади молиявий даромадни ошириш бўлган шахслар белгиламаслиги керак. Футбол ўз келажагини молиявий манфаатлар эвазига гаровга қўя олмайди.
Бугунги муҳокама якунларига кўра, агар ушбу таклифлар бекор қилинмаса ва FIFA бундан буён ўз бошқаруви ҳамда мусобақаларига хусусий мулкчиликни киритмаслиги бўйича мажбурий кафолатлар бермаса, УЕФАга аъзо ҳеч бир миллий жамоа ташкилотнинг бирорта мусобақасида иштирок этмайди.
Ҳеч кимда шубҳа бўлмасин: УЕФА ва унинг миллий ассоциациялари бу режаларга қарши қатъий курашади. Жаҳон чемпионати футболга тегишли. Ҳар доим шундай бўлиб қолади. Европа овози бор экан, у ҳеч қачон сотилмайди», — дейилади УЕФА хабарида.