Пролиганинг 12-турида Самарқандданинг «Каттақўрғон» жамоаси сафарда мусобақа аутсайдери – ТерДУ меҳмони бўлди. Ўйин 0:2 ҳисобида «Каттақўрғон» жамоасининг фойдасига ҳал бўлди. Мазкур ғалабадан кейин бу клуб ҳозирча 3-ўринни банд этиб турибди. Эртага ҳам тур учрашувлари давом эттирилади.
«Каттақўрғон» бош мураббийи россиялик Юрий Уткулбаев беллашувдан кейин фикрларини билдириб ўтди.
- Айтиш керакки, бугун ўйинимиз яхлит ва сифатли чиқмади. Негаки, режалаштирган ишларимизнинг кўпини амалга ошира олмадик. Лекин энг муҳими — ғалаба қозондик. Қувонарлиси, йигитлар қийин вазиятда ўзларини йўқотиб қўйишмади, саросимага тушишмади, хотиржам ҳимояланишди ва кейин ўз имкониятларидан унумли фойдаланишди. Ғалаба — барибир ғалаба. Ҳатто у унчалик сифатли ўйин билан қўлга киритилмаган бўлса ҳам.
- Жамоангиз учун ўйин анча оғир кечди.
- Лекин энг муҳими — биз ғалаба қозоняпмиз. Осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Биз ҳам ҳали шаклланиш жараёнидамиз, жамоамиз янги. Шунинг учун чемпионат давомида ҳам таркиб ва ўйинимизни қайта қуряпмиз. Катта ўйинларда ҳамма нарса ҳам ҳар доим ўхшайвермайди. Уч нафар футболчимиз жароҳат олгани учун бугун майдонга туша олмади. Шу сабабли айрим йигитлар ўзларига хос бўлмаган позицияларда ўйнашларига тўғри келди. Албатта, бу кўп хато қилганимизни оқламайди. Аммо барибир ғалаба қозондик, уч очкони қўлга киритдик. Энди ишлашда давом этамиз, олдинда ҳали ўйинлар кўп.
- Галиулиннинг ўйини ҳақида қандай фикрдасиз? Ўтган учрашувда ҳам у захирадан майдонга тушиб, ўйинга тайёр эканини кўрсатганди.
- У сифатли футболчи. Жамоамизнинг захираси унчалик катта эмас, қолаверса, жароҳатланганлар ҳам бор. Шунинг учун уни вақти-вақти билан майдонга туширамиз, жамоага ёрдам бериши учун.
- У сизларда ўйновчи мураббий ҳисобланадими? Шундай деб эшитганмиз.
- Бугун у майдонга футболчи сифатида тушди. У — футболчи. Ёши ва тажрибасини ҳисобга олсак, албатта, у йигитларга маслаҳат бера олади. Шунинг учун уни машғулот жараёнига ҳам жалб қиламиз», - дея бош мураббийнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.
Юрий Уткулбаев: «Ўйинимиз яхлит ва сифатли чиқмади»
Эксклюзив
30 июл, 15:02
«Каттақўрғон» устози ТерДУга қарши баҳсдан ўз фикрларини билдирди.
Фото: Каттақўрғон ПФК