UFC собиқ чемпиони Илия Топурия Жастин Гейжига қарши жангда олган жароҳатлари ҳақида гапирди.
«Кўп йиллар давомида мен фақат битта туйғуни, яъни ғалабани билардим. 18 та профессионал жанг ўтказдим, уларнинг 17 таси мен истагандек якунланди, биттаси эса йўқ.
Профессионал фаолиятимда биринчи марта мағлуб бўлдим. Ўша кеча спортнинг аввал ҳеч қачон дуч келмаган томонини кашф этдим: ҳар икки кўз косаси суякларининг синиши, бурун ва оёқ панжасининг синиши.
Уйғониб, ойнага қараганимни эслайман. Бир неча сония давомида қаршимдаги юзни танимадим: «Бундай бўлиши мумкин эмас. Бу мен эмасман». Ўз нигоҳимга қараш ҳам мен учун қийин эди.
Лекин ташқаридан ғалати туюлиши мумкин бўлган нарса содир бўлди. Аксимга қараганимда, ўзимга нисбатан янада кўпроқ ҳурмат ҳис қилдим. Ҳатто ўзимни янада кўпроқ яхши кўриб қолганимни айтишим мумкин.
Боримни бердим, жангга тайёр ҳолда келдим ва ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ўзимни яхши ҳис қилдим. Менга баҳона излашнинг ҳожати йўқ. Уриниб кўрдим, аммо ўша кеча бунинг ўзи етарли бўлмади.
Буни қабул қилиб яшай олишимни тушундим. Ич-ичингиздан борингизни берганингизни билсангиз, салбий натижа оғриқ беради, аммо сизни йўқ қила олмайди.
Мен ортга қайтишни, ўша кечани ўчиришни ёки ўз тарихимни ўзгартиришни истамадим», — деди Топурия.
Маълумот ўрнида, UFC Freedom 250 турнири доирасида Топурия Гейжига техник нокаут билан мағлуб бўлганди. Тўртинчи раунддан сўнг Илиянинг бурчаги жангни давом эттирмасликка қарор қилган.