Бугун
22
Ўзбек

Сияваш Ҳақназари: «Бу фаолиятимдаги энг чиройли гол эмас»

Эксклюзив
6 сентябр, 08:52
Эронлик футболчи Tribuna.uz учун эксклюзив интерю берди.
Сияваш Ҳақназари: «Бу фаолиятимдаги энг чиройли гол эмас»
Фото: ОКМК

Суперлиганинг 20-туридаги жуфтликлардан бири ОКМК – «Хоразм» қарама-қаршилиги бўлиб, беллашувда майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Учрашувдаги ягона гол ОКМКнинг эронлик футболчиси Сияваш Ҳақназари ҳисобига ёзилди. У рақиб дарвозасига чиройли тўп киритди.

Ўйиндан кейин ушбу ўйинчи Tribuna.uz журналистининг саволларига жавоб берди.

- Сияваш, аввало, ғалаба билан табриклаймиз! «Хоразм»га қарши учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?

- Раҳмат. Албатта, ўйин осон кечмади. Менимча, мухлисларга учрашув ёқди. Бизга эса уч очко жуда зарур эди. Худога шукр, ғалабани қўлга кирита олдик.

- Сиз учрашув қаҳрамонига айландингиз — майдон марказига яқин масофадан жуда чиройли гол урдингиз. Ўша вазиятни қандай тасвирлаб берган бўлардингиз? Дарвозабоннинг хатога йўл қўйиши мумкинлигини кутганмидингиз? Зарбангиз гол бўлишига қанчалик ишонган эдингиз?

- Ростини айтсам, бу на қийин зарба, на мураккаб қарор эди. Тўп менга жуда қулай тезликда келди — на жуда қаттиқ, на жуда секин. Менга фақат ортиқча ҳаракатларсиз зарба беришнинг ўзи кифоя эди.

- Бу фаолиятингиздаги энг чиройли гол бўлдими ёки ундан ҳам таъсирлироқ деб ҳисоблайдиган бошқа голларингиз ҳам борми?

- Бу фаолиятимдаги энг чиройли гол эмас. Масофа узоқ бўлгани учун чиройли кўринган бўлиши мумкин. Лекин айтганимдек, зарбанинг ўзи унчалик қийин эмасди.

- Футболчилик фаолиятингизга назар ташласангиз, ўзингиз урган энг чиройли голлар орасида учтасини ажратиб кўрсата оласизми?

- Бундан олдин урган ва ўзимга кўпроқ ёқадиган голларим ҳам бор (кулади).

- Миржалол Қосимов футболчилар вазиятлар яратаётганини, аммо жамоада улардан унумли фойдаланиш борасида муаммолар борлигини таъкидлади. Футболчи сифатида сиз нима деб ўйлайсиз: жамоа нега яратилаётган имкониятларни голга айлантиришда қийналмоқда?

- Унинг фикрига қўшиламан. Менимча, биз чемпионатда ҳар бир ўйинда гол уриш учун энг кўп вазият яратадиган жамоалардан биримиз. Аммо яратилаётган имкониятлардан унумли фойдалана олмаяпмиз. Бу борада ҳар бир машғулотда ишлаяпмиз. Шунингдек, психологик томон устида ҳам иш олиб боряпмиз. Ишонаманки, бу муаммони ҳам тез орада ҳал қиламиз.

- Ўзбекистон Суперлигасида қайси жамоанинг ўйинларини кузатиш сизга кўпроқ ёқади?

- Ҳозир чемпионатдаги аксарият жамоалар замонавий футбол ўйнашга, сифатли футбол намойиш этишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун хаёлимда алоҳида бир жамоа йўқ. Аммо жасорат билан, ҳужумкор футбол ўйнайдиган жамоаларнинг учрашувларини кузатишни яхши кўраман.

- ОКМКнинг салоҳияти ва ҳозирги даражасини ҳисобга олган ҳолда, жамоа чемпионатни қайси ўринда якунлаши керак, деб ўйлайсиз?

- ОКМК сўнгги йилларда доимо кучли бешликда бўлиб келган. Бу жамоанинг характери ва барқарорлигини кўрсатади. Бу мавсумда ҳам худди шундай бўлади, деб ўйлайман. Мақсадимиз аниқ — қайси рақибга қарши ўйнашимиздан қатъи назар, ҳар бир учрашувда бор кучимиз билан ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Менимча, якунда ким қандай натижага эришганини мавсум охирида кўрсатгани маъқул.

Бугунги янгиликлар