Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб бўлган ўзбекистонлик шахматчиларга 200 минг доллар, уй ва Volkswagen автомобили берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон миллий жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашувда эълон қилди.
Учрашувда Президент шахмат ва парашахмат олимпиадаларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилганини маълум қилган. Унга мувофиқ, чемпионлар Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов уй-жой ва автомобиль билан тақдирланади.
«Албатта, машина ҳам керак-ку, лекин келажак келинлар учун уй ҳам керак», – дея ҳазил қилди давлат раҳбари.
Шунингдек, жамоа мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермуҳамадов ҳам автомобил билан мукофотланиши қўшимча қилинди.
Парашахматчилар Аҳадхон Кимсанбоев, Марсель Шоюсупов, Сардорбек Мамаражабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновга ҳам уй-жой ва автомобил берилади.
Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчи 200 минг доллар, уларнинг мураббийлари 50 минг доллар миқдорида пул мукофоти олади. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллар, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилади.
«Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади», – деди давлат раҳбари.
Бу мукофотлар фақат бугунги ғалабанинг эътирофи эмас, балки олдинда турган янада баланд марраларга билдирилган катта ишонч рамзи бўлиши кераклиги таъкидланди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади