Ла Лиганинг янги мавсуми бошланишига 20 кундан кам вақт қолди. 15 август куни мавсумни очиб берадиган тўрт жамоадан бири «Реал Овиедо» бўлади. Аммо бугун биз бутун клубга эмас, «кўклар»нинг юқори дивизионга қайтишининг асосий сабабчиларидан бири бўлган ва клуб рамзига айланган фахрийга тўхталамиз.
«Унинг жамоа учун аҳамиятини тўлиқ баҳолаб бўлмайди. Унинг жамоадаги ўрнини кўринг. У — энг асосийси», — деди «Реал Овиедо» президенти Мартин Пелайес Diario AS нашрига берган интервюсида.
Санти Касорланинг тажрибаси, таъсири ва обрўси, шубҳасиз, клубнинг Ла Лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашида муҳим рол ўйнайди. Сизларни сўнгги икки йил ичида 40 ёшли испан ўз орзусини қандай амалга оширганини билиб олишга таклиф қиламиз. Орзу ниҳоят 21 июн куни амалга ошди — клуб 24 йиллик танаффусдан сўнг Ла Лигага қайтди.

Ҳаммаси қаердан бошланган?
Касорла Фонсио шаҳрида — Овиедодан атиги 10 дақиқа узоқликда туғилган. Аустрия клубига бўлган муҳаббатни унга отаси Хосе Мануэл ўтказган. Касорла «кўклар» академиясига 8 ёшида қўшилган. Овиедолик мураббий Маркос Лопеснинг эслашича, Санти «Ковадонга» футзал жамоасида ўйнаб, эътиборни тортган. «Жуда кичик бўлишига қарамай, бола жуда чаққон эди, дриблингни ва ўйинни қандай бошқаришни биларди. У ҳамманинг оғзини очиб қўярди», — дейди Лопес.
Санти 16 ёшида жамоанинг Сегундага тушиб кетганини кўрди ва 18 ёшида — асосий таркиб учун бирорта ҳам ўйин ўтказмасдан кетишга мажбур бўлди. 2012 йилда, «Овиедо» банкрот ёқасида турганида, бутун дунё бўйлаб ўтказилган кампания туфайли клуб қутқарилди: атиги икки ҳафта ичида улар 2 миллион евро йиғишга муваффақ бўлишди. Клуб дунёнинг 125 мамлакатида акциядорларга эга бўлди. Санти Касорла бошқа собиқ футболчилар — Хуан Мата ва Мичу билан биргаликда ушбу кампанияга катта ҳисса қўшди. Сўнг 11 йилдан кейин фахрий «кўклар» либосида майдонга тушиш имкониятига эга бўлди.

«Бу — мен учун ўзгача жой»
Касорла бонусларсиз, минимал маошга рози бўлиб, клубни оғир вазиятдан қутқариш учун келди. «Текинга ўйнаган бўлардим, лекин бу қонунан мумкин эмас экан», — деди у. Санти, шунингдек, унинг 8-рақамли либослари сотувининг 10 фоизи тўғридан тўғри академияга тушишини талаб қилди.
Қайтгандан кейинги биринчи мавсумида Касорла барча мусобақаларда 26 та ўйин ўтказиб, 4 та голли узатмани амалга оширди, бироқ 39 ёшли испаниялик футболчига кўпинча кичик жароҳатлар тўсқинлик қиларди. У «Овиедо»га ҳал қилувчи ўйинларда ёрдам бера олмади: жамоа Ла Лигага кўтарилиш имкониятидан маҳрум бўлди, плей-офф финалида «Эспанёл»га имконият бой берилди. Ўша мавсумда Касорла фаолиятидаги энг эмоционал «гол»ни ҳам урди. «Алкорона»га тўп киритганидан сўнг яримҳимоячи мухлислар билан нишонлаш учун югурди. Улар уни қучоқлашди ва Санти оломон орасидан чиққанида, у ўз шаҳри клубининг эмблемасини ўпди. Бироқ VAR аралашди ва гол бекор қилинди. Ҳакам ҳатто бунинг учун Сантидан узр сўради (аслида қоида бўйича ўз ишини тўғри бажарган).
«Биласизми? Ўша лаҳзани мендан ҳеч ким тортиб ололмайди, ҳатто VAR ҳам. Мен трибунада одамлар билан гаплашардим — ҳис-туйғулар ҳақиқий эди. Мен буни жуда-жуда узоқ кутгандим», — деганди Касорла The Guardian нашрига.

Мавсум оралиғида фахрийнинг шартномаси яна бир йилга узайтирилди ва 40 ёшга тўлган яримҳимоячи сардорлик боғичини олди. «Овиедо» ҳақида гапирадиган бўлсак, «Овиедо» — бу Санти Касорла. Жамоанинг юраги ҳақида гапирадиган бўлсак, бу — Санти Касорла», — дейди 2024 йилнинг ёзида «кўклар» сафига қўшилган Куаси Сибо. Ганалик футболчи учун Санти шунчаки машҳур фахрий эмас, балки кумир эди. Гарчи Сибо болалигида «Челси»га мухлислик қилган бўлса-да, унинг «Арсенал»ни қўллаб-қувватлайдиган дўсти ҳар ҳафта Арсен Венгер жамоаси ўйинларини кўрар ва Сибони ҳам бунга мажбур қиларди. «Арсенал» ўйинларини кўриш орқали тез орада Сибонинг янги севимли футболчиси пайдо бўлди. 2023/24 йилги мавсумда «Аморебиета»да ўйнаб юрган ганалик яримҳимоячи Касорла билан футболкаларни алмаштирди. Кейинчалик, таътил вақтида ватанига қайтган футболчи Касорла либосида дўконга борди ва ижтимоий тармоқлардан бирига суратини жойлади.
Плей-оффдаги муваффақиятсиз уринишдан сўнг янги мавсумда ҳаммаси бошқача бўлди. Касорла 2000 дақиқадан кўпроқ ўйнади (2023/24 йилги мавсумда 1000 дақиқадан сал кўпроқ эди), Сегундада 3 та ва плей-оффда 2 та гол урди, шунингдек, 5 та голли узатмани амалга оширди. «Бу йил мен кўпроқ ўйинлар ўтказдим, камроқ жароҳат олдим», — дейди у. «Ўзимга жуда ғамхўрлик қиламан: овқатланиш, дам олиш, физиотерапевтлар ва реабилитация бўйича мутахассислар билан кундалик иш. Мен ҳеч қачон жисмонан кучли футболчи бўлмаганман, шунинг учун болалигимдан бироз тезроқ ўйлашим ва ақллироқ бўлишим, рақиблар босим ўтказа олмайдиган жойларни топишим керак эди», — деди Касорла The Athletic нашрига берган интервюсида.

Жамоанинг Ла Лигага чиқишида фахрийнинг роли бебаҳо. «Мирандес»га қарши ўйинда «Овиедо»нинг ремонтадасини айнан Касорла бошлаб берди. Биринчи бўлим охирида «кўклар» пеналти тепишди: Санти тўпни олди, ўпди ва зарбани голга айлантирди – стадион завқдан портлади. Илёс Чайра гол уриб, ўйинни қўшимча вақтга ўтказди. Портилло урган ғалаба голини Касорла захирадан кузатиб турди. Яримҳимоячидан ҳис-туйғулари ҳақида сўралганда, у бир сўз билан жавоб берди: «Асабий». Аммо ниҳоят орзу амалга ошди: 24 йилдан сўнг «Овиедо» Примерага қайтди.
Sports.ru сайтидан таржима