«Вашингтон Кэпиталз» жамоаси ҳужумчиси Александр Овечкининг голсиз серияси 15 та ўйинга етди.
Мунтазам чемпионат доирасида «Вашингтон» «Баффало Сэйбрз»га 3:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Россиялик хоккейчи эса беллашувда битта голли узатмани амалга оширди.
41 ёшли ҳужумчи сўнгги бор 11 октябр куни «Сиэтл» дарвозасига шайба киритган эди. Ўшанда унинг жамоаси 3:5 ҳисобида ютқазган.
НХЛ матбуот хизмати хабар беришича, Овечкин гол ура олмаётган ўйинлари кетма-кетлиги бўйича шахсий антирекорд ўрнатди. У қаторасига 15 та учрашувдан буён рақиб дарвозасини ишғол эта олмаяпти. Унинг НХЛдаги бутун фаолияти давомида бундай ҳолат кузатилмаган.
НХЛдаги 22-мавсумини ўтказаётган Овечкин ҳисобида ҳозирча 6 очко (1 та гол ва 5 та голли узатма) мавжуд.
Стэнли кубоги плей-офф учрашувларини ҳам ҳисобга олганда, урилган голлар сони бўйича россиялик хоккейчи фақат канадалик Уэйн Гретцкидан ортда қолмоқда. Гретцки ҳисобида 1016 та гол бор. Овечкин эса НХЛ мунтазам чемпионатларида 930 та, плей-офф ўйинларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 1007 та шайба киритган.
Бу мавсум россиялик ҳужумчининг НХЛдаги сўнгги мавсуми бўлади.
Овечкин голсиз серия бўйича ўз антирекордини ўрнатди
Бошқалар
20 ноябр, 01:09
41 ёшли ҳужумчи НХЛда 11 октябрдан бери шайба кирита олмаяпти.
Foto: Getty Images