Эроннинг “Персеполис” клубида ўйнаётган Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Остон Ўрунов ва янги бош мураббий Меҳди Тартар ўртасида тушунмовчилик юзага келган. Эроннинг Footballu нашри хабарига кўра, бу вазият футболчининг қишки трансфер дарчасида жамоани тарк этишига олиб келиши мумкин.
Ўрунов ўтган мавсумда “Персеполис”нинг чемпионликка эришишида муҳим ҳисса қўшган. Бироқ кейинчалик олган жароҳатлари унинг ўйин амалиётига таъсир кўрсатган.
Тартар Ўруновнинг ўйин услубидан тўлиқ қониқмаётгани ва футболчидан тактик вазифаларни аниқ бажаришни талаб қилаётгани айтилмоқда. Шу сабабли 25 ёшли вингер янги мавсум бошидан асосий таркибдаги ўрнини йўқотган.
“Персеполис” Эрон чемпионатининг дастлабки уч турида икки марта ғалаба қозонди ва сўнгги турда “Трактор”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу учрашувда Ўрунов ҳам, жамоанинг яна бир ўзбекистонлик ҳужумчиси Игор Сергеев ҳам майдонга тушмади. Ўрунов мавсум бошидан бери бирор марта ҳам асосий таркибда ўйнамаган.
Мураббий бу қарорни фақат спорт нуқтаи назаридан қабул қилинганини таъкидлади:
“Сергеев ва Ўруновнинг майдонга тушмагани — техник қарор. Барча чизиқларда яхши футболчиларимиз бор ва ким майдонга тушишини мураббийлар штаби ҳал қилади”.
Айни пайтда Теҳрон клубининг рақиби Табризнинг “Трактор” клуби Ўруновнинг вазиятини кузатиб бормоқда. Хабарларга кўра, Табриз клуби қишки трансфер дарчасида ўзбекистонлик футболчини таркибига қўшиб олишни режалаштирмоқда.
Ҳозирча Ўруновнинг “Персеполис”да қолиши ёки қишда жамоасини алмаштириши Тартарнинг унга кейинги турларда қанчалик ишонч билдиришига ҳам боғлиқ.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади