Ўзбекистон делегацияси Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларининг академик эшкак эшиш баҳсларида навбатдаги олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Шу йилги жаҳон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган Шаҳзод Нурматов ва Собиржон Сафаралиев Осиё ўйинларида ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Ҳамюртларимиз енгил вазнли спортчилар ўртасидаги Lm2x жуфтлик дастурида иштирок этиб, финал пойгасида барча рақибларини ортда қолдирди. Нурматов ва Сафаралиев марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлишди.
Шу тариқа, жаҳон чемпионлари энди ўз номларига Осиё ўйинлари чемпионлиги унвонини ҳам қўшиб қўйишди. Уларнинг ғалабаси Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғармасини яна бир олтин медал билан бойитди.
Аввалроқ Шоҳсанам Шерзодова ҳам Осиё ўйинлари чемпиони бўлгани маълум қилинганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади