Осиё ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон вакиллари навбатдаги жангларини ўтказди.
-60 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Абдумалик Халоков чоракфинал баҳсида филиппинлик Жунмилардо Огайрега қарши рингга кўтарилди. Рақиби имкон қадар қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди, бироқ тажрибали Халоков унга имкон қолдирмади. Ўзбекистон вакили 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга йўл олди.
-65 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Навбаҳор Ҳамидова эса чоракфиналда ҳиндистонлик Парвеенга қарши баҳс олиб борди. Қизғин кечган қарама-қаршилик якунида Ҳамидова 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақадаги юришини якунлади.
-80 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган жаҳон чемпиони Фазлиддин Эркинбоев Осиё ўйинларидаги илк жангини ўтказди. У шри-ланкалик Язмин Моҳаммедга қарши баҳсда рақибидан устунлик қилди. Эркинбоев жангни биринчи раунддаёқ якунлаб, кейинги босқичга йўл олди.
-54 кг вазн тоифасида иштирок этган Нигина Ўктамова чоракфиналда таиландлик Натнича Чонгпронгкланг билан баҳслашди. Муросасиз кечган жангда Ўктамова фаол ҳаракат қилди ва зарбалар сони бўйича ҳам устунлик қилди. Рақибидан уч раунд давомида очко ҳам олиб ташланди. Шунга қарамай, ҳакамлар 2:3 ҳисобини қайд этиб, ғалабани Таиланд вакиласига берди.
Шу тариқа Халоков ва Эркинбоев яримфиналга чиқди, Ҳамидова ва Ўктамова эса мусобақадаги юришини чоракфинал босқичида якунлади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади