Бугун
27
Ўзбек

Ўзбекистон Республикаси Президенти шахматчиларимизни тарихий ғалаба билан табриклади

Бошқалар
27 сентябр, 10:45
    12
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон шахматчиларининг 2 карра Олимпиада чемпионига айланганини улкан зафар сифатида эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти шахматчиларимизни тарихий ғалаба билан табриклади
Фото: Shavkat Mirziyoyev Press-service

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида тарихий ғалабага эришган Ўзбекистон шахматчилари, уларнинг устоз ва мураббийларини табриклади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон эркаклар миллий жамоасининг икки карра Олимпиада чемпионига айланганини бутун халқимиз учун улкан зафар сифатида эътироф этди.

«Икки карра олимпиада чемпиони деган юксак шарафли унвон, буюк зафар барчамизга, кўпмиллатли халқимизга муборак бўлсин!

Сизлар — Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев Олимпиадада 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин кучли шахматчи ва номдор жамоалар қатнашганини қайд этиб, Ўзбекистон вакилларининг ақл-заковати, иродаси ва маҳоратига юқори баҳо берди.

Президент миллий жамоамизнинг мусобақа давомида дунёнинг энг кучли жамоалари устидан қозонган ғалабаларига алоҳида тўхталди. Ўзбекистон амалдаги олимпиада чемпиони Ҳиндистон, кучли шахмат мактабига эга Хитой ҳамда жаҳон рейтингида етакчилик қилиб келаётган, 6 карра олимпиада чемпиони АҚШ миллий жамоаларини мағлуб этди.

Давлат раҳбари Нодирбек Абдусатторовнинг Олимпиада давомида бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Нодирбек Ёқуббоевнинг Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши баҳслардаги ҳал қилувчи ғалабалари қайд этилди. Айниқса, унинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши партияси Президент томонидан «ҳақиқий драматик жанг» сифатида таърифланди.

«Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин вазиятда ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларини кўриб, дунё шахмат мухлислари ҳайратдан қотиб қолди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Жавоҳир Синдаровнинг чемпионларга хос ўйини ва умумий ғалабага қўшган ҳиссасини ҳам таъкидлади. Шунингдек, илк бор бундай йирик халқаро мусобақада қатнашган Муҳиддин Мадаминовнинг бирорта ҳам мағлубиятга учрамагани, Шамсиддин Воҳидовнинг эса муҳим партияларда жамоага керакли очколарни олиб келгани эътироф этилди.

«Бир сўз билан айтганда, миллий жамоамиз аъзоларининг ҳар бири ўзига ишониб, фақат олдинга қараб борганини кўриб, Янги Ўзбекистонда қандай буюк шахмат мактаби, шахматчилар авлоди шаклланганига бутун дунё тан берди», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг иккинчи таркиби қайд этган натижаларга ҳам тўхталди. Жаҳонгир Воҳидов бошчилигидаги жамоанинг Испания, Англия ва Нидерландия вакиллари устидан қозонган ғалабалари алоҳида қайд этилди.

Аёллар миллий жамоаси ҳам эътибордан четда қолмади. Ўзбекистон шахматчилари 11 турда 7 та ғалабага эришиб, олимпиадани 13-ўринда якунлади. Президент уларнинг АҚШ жамоаси билан тенгма-тенг кураш олиб борганини муҳим натижа сифатида баҳолади.

Самарқанддаги мусобақада Ўзбекистон парашахматчилари ҳам тарихий натижа қайд этди. Улар олимпиадалар тарихида илк бор бронза медални қўлга киритди.

Президент мамлакатда шахматни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва яратилган тизим ушбу натижаларга эришишда муҳим омил бўлганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерациясининг FIDE томонидан 2026 йилда «Энг яхши федерация» деб топилгани мамлакатнинг жаҳон шахматидаги нуфузи ошиб бораётганининг яна бир далили сифатида қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ноябр ойида жаҳон тожи учун кураш олиб борадиган Жавоҳир Синдаровга ҳам алоҳида мурожаат қилди.

«Жаҳон тожи учун бўладиган тарихий беллашувда шахматимиз фахри Жавоҳир Синдаровдан барчамиз улкан зафарларни кутиб қоламиз. Сен бунга албатта қодирсан, Жавоҳир болам!» — деди Президент.

Давлат раҳбари 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган барча шахматчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мусобақани юқори савияда ташкил этган Самарқанд вилояти аҳли, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ва барча ташкилотчиларга ташаккур айтди.

«Бизга мана шундай буюк шукуҳ, улуғ зафарларни тақдим этган шахматчи фарзандларимиз доимо соғ-омон бўлсин! Сизларга ҳамиша порлоқ ғалабалар ёр бўлсин, азиз болаларим!» — дея табригини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

12 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар