Суперлига йўлланмаси ва бир вақтнинг ўзида Пролига ғолиблигини қўлга киритган «Орол» футбол клубига кубок топшириш маросими 1 ноябр куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
«Пролиганинг навбатдаги турида «Орол» Ғузорда «Шўртан» меҳмони бўлади. 25-турда эса нукусликлар «Ғазалкент» футбол клубини қабул қилади. 1 ноябр кунги беллашув соат 18:00 да старт олиши режалаштирилган.
«Ғазалкент» билан ўйин якшанба, дам олиш кунига тўғри келаётгани қорақалпоғистонлик футбол мухлисларига узоқ кутилган Суперлига йўлланмасини нишонлашда қўл келиши шубҳасиз.
Айни вақтда ғазалкентликлар плей-офф йўлланмаси учун курашни давом эттираётганидан келиб чиқилса, беллашувнинг ўзи ҳам қизиқарли курашлар остида кечишига шубҳа йўқ», — дейилади хабарда.