Live
3
Ўзбек

Нодирхон Неъматхонов: «Бундай ишқибозлари бор жамоада ўйнаш ҳар қандай футболчининг орзуси»

Эксклюзив
30 июл, 04:10
Неъматхонов «бургутлар» аъзосига айлангач, Tribuna.uz учун эксклюзив интервю берди.
Нодирхон Неъматхонов: «Бундай ишқибозлари бор жамоада ўйнаш ҳар қандай футболчининг орзуси»
Фото: Андижон ПФК

Жиддий мақсалар учун курашаётган «Андижон» ёзги трансфер вақтида уч нафар янги ўйинчини расман таништирганидан хабарингиз бор.

Уларнинг орасида 25 ёшли иқтидорли ҳимоячи Нодирхон Неъматхонов ҳам бўлиб, эндиликда бор эътиборини ўзининг янги жамоасига қаратади.

Неъматхонов «бургутлар» аъзосига айлангач, бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Нодирхон, «Андижон» клубига хуш келибсиз. Фаолиятингизда янги саҳифа очиляпти. Бу қарорга келишингизга нима туртки бўлди?

- Ассалому алайкум. «Андижон»га қўшилганимдан жуда хурсандман. Мураббийлар штаби томонидан менга таклиф бўлди. Энг зўр вариант, ўзимга ҳам «Андижон» жуда ёқади. Биринчи навбатда мухлислари. Бундай ишқибозлари бор жамоада ўйнаш ҳар қандай футболчининг орзуси деб ўйлайман. Чунки бундай атмосферада футболчи маза қилади. Ўйлаб ўтирмасдан бу таклифга рози бўлдим.

- Бу ерга келиб инфратузилма, база, шароитларни кўрдингиз. Бунга қадар қандай фикрда эдингиз?

- «Андижон» ҳақида менда маълумот бор эди. Аммо бу ерга келиб футбол учун ҳамма шароит борлигини кўриб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Ўзбекистонда футбол шунчалик ўсаётганига яна амин бўляпман. Бу ердаги базада ҳамма нарса футбол учун. Машғулотлар профессионал даражада. Тикланиш жараёнлари, тренажёр зали, бассейн – ҳамма нарса зўр. «Андижон» деганда футболга мослашган шаҳар деса ҳам тўғри бўлади. Менга барчаси ёқди.

- «Андижон»нинг «Бухоро»га қарши учрашувини трибунадан кузатдингиз. Муҳитни кўрдингиз ва учрашувдан кейин ғалабани нишонлашда ҳам бевосита мухлислар бирга бўлдингиз. Қандай таассуротлар қолди?

- Майдонда ўйнашдан кўра, трибунадан кўриб, жамоани қўллаб-қувватлаш қийинроқ. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди, ниҳоятда хурсанд бўлдим. Ўйинимиз жуда чиройли тарзда бўлди. «Бухоро» ҳам юқори ўринлардан бирида эди. Биринчи марта нишонладим. Тўғриси, бундай атмосферада маза қилдим. Ҳиссиётларим ажойиб. Худо хоҳласа, кейинги сафар майдонда ўйнаб, ғалабани нишонлаш насиб қилсин.

- Айни пайтда жамоа «Пахтакор»га қарши бўлажак муҳим учрашув учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўйин олдидан фикрингиз қандай?

- Машғулотларда ҳам тўғри йўлдамиз. Бу – футбол. Ўз уйимизда «Пахтакор»ни ютиш насиб қилсин. Бундан ҳам руҳият кучлироқ бўлиб, рақибни мағлуб этиб, барча мухлисларимиз олдида ғалабани биргаликда нишонлаш насиб қилсин.

- Жамоага қўшилдингиз, футболчиларни ва умуман клубни потенциалини қандай баҳолаяпсиз?

- Бу ерда футболчиларнинг савияси жуда юқори. Ўйиндан-ўйинга ҳамма очилиб боряпти. Ўзини нимага қодирлигини кўрсатяпти. Менга булардан ўрганадиган нарсам кўп. Ислом Тўхтахўжаев, Неманья Чаласан каби футболчилар анча тажрибали ҳимоячилар. Улардан кўп нарса ўрганяпман, менга ёқяпти. Ўсадиган жойим бор экан, менга шундай шароитларни яратгани учун «Андижон»га раҳмат деб қоламан.

- Бу ерда ҳам 4-рақамни танладингиз. Кимгадир тақлид қиласизми?

- Кумирим Серхио Рамос. Шунинг учун 4-рақамни танлаб юрардим. Аммо ўйинимни кўпчилик Рюдигерга ўхшатишади. Бу рақам ўзимга ҳам ёқади.

- Айтинг-чи, болалигингиз, футболга кириб келишингиз қандай кечган?

- «Пахтакор» клуби тарбияланувчисиман. Станислав Қудряшов, Сергей Токов каби мураббийларнинг қўл остида катта бўлганман. Кейин «Пахтакор», ОКМК ўринбосарларида тўп тепдим. Кейинчалик ярим йил «Шўртан»да, сўнг «Нефтчи»да бир ярим йил фаолият олиб бордим. «Сурхон»да икки ярим йил ўйнадим. Мана энди, «Андижон»даман ва бу ерда ҳам яхши ўйинлар кўрсатаман, деган умиддаман», - дея Неъматхоновнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Бугунги янгиликлар