«Динамо» собиқ ҳужумчиси Жоэл Кожо Эрон чемпионатидан яна Суперлигага қайтмоқда.
Tribuna.uz манбасига кўра, 26 ёшли футболчи «Нефтчи» билан келишувга эришган. Фарғона клуби легионер ҳужумчи учун Эроннинг «Истиқлол» клуби сўраган ижара ҳақи ва футболчининг форс клубида олган маошини тўлашга рози бўлган.
Кожонинг олдида «Насаф» варианти бўлган, шунингдек у «Динамо»га қайтишга ҳам қарши бўлмаган. Аммо фақатгина «Нефтчи» Эрон клуби сўраган ижара ҳақи ва футболчининг ойлик маошини тўлашга розилик билдирган.
Теҳроннинг «Истиқлол» клубида португалиялик янги бош мураббий Рикардо Сапинто иш бошлагач, мураббийлар штаби Қирғизистон миллий жамоаси ҳужумчисини ижарага беришга қарор қилган. Асли ганалик бўлган ҳужумчига «Насаф» ва «Нефтчи» асосий даъвогар эди.
Аввалроқ «Нефтчи» «Сурхон» собиқ ҳужумчиси Силванус Нимели билан ҳам келишувга эришгани хабар қилинганди.
Шу тариқа энди фарғоналиклар ҳужум чизиғида 4 нафар легионер – Тома Табатадзе, Зоран Марушич, Силванус Нимели ва Жоэл Кожо бор.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мавсум бошида «Нефтчи» олдига чемпионлик вазифаси қўйилиши ва бунинг учун барча шароитлар яратилишини айтиб ўтганди. Клуб Суперлига 1-даврасидан кейин пешқадам «Насаф»дан 3 очкога ортда қолган ҳолда 2-ўринни эгаллаб турибди.