Германия миллий жамоаси устози Юлиан Нагелсман аввалроқ жаҳон чемпионати-2026даги фотосуратчилардан арз қилган ҳамкасби, Англия миллий жамоаси бош мураббийи Томас Тухелни қўллаб-қувватлади. Мутахассис улар ўйин стартидан аввал мураббийлар штабини жуда яқиндан суратга олиши, бу эса мадҳия вақтида футболчиларни кўриш имконини чеклашидан норози бўлганди.

«Бу борада шикоят қила оламизми ёки йўқ, тўғриси, билмайман, лекин мен Томас Тухелнинг фикрига қўшиламан. Миллий мадҳия ижроси — жуда муҳим палла. Бу футболчилар билан алоқа ўрнатиш учун ўзгача имконият. Бундеслига ёки Чемпионлар Лигаси ўйинларида ҳам захира ўриндиғи олдида фотосуратчилар бўлади, бироқ бу ерда улар чиндан жуда яқин жойлашган. Назаримда, уларнинг улкан объективлари ҳаттоки бурнимдаги тукларни ҳам суратга олади», — дея Нагелсман сўзларидан иқтибос келтирди RMC Sport.