«Реал»нинг собиқ яримҳимоячиси Лука Модрич Жозе Моуриниони Мадрид клуби бош мураббийи этиб тайинлангани ҳақида фикр билдирди.
— Сизнингча, Моуринио мухлислар жуда соғинган рақобат руҳини қайтара оладими?
— Ҳа, шубҳасиз. Илк ўйинларданоқ бу бошқа «Мадрид» экани кўриниб турибди — рақибларни қўрқитадиган ва менга ёқадиган «Мадрид». Менимча, Моуриниони тайинлаш клубнинг жуда тўғри қарори бўлди — жамоанинг ҳолати ва бошқа омилларни ҳисобга олганда, бу лавозим учун энг яхши вариант.
У клубни яхши билади, у ғолиб, характери ҳам ниҳоятда кучли. Жозега алоҳида меҳр ва ҳурмат билан қарайман, чунки айнан у мени клубга олиб келган. Бу эса менинг «Реал»га ўтишимда энг муҳим омил бўлган. У клубга: «Менга шу футболчи керак, бошқаси керакмас», — деган.
— Бу масалада у жуда қатъий бўлган экан!
— Шунинг учун мен «Реал»га келганман. Музокаралар қандай кечганини ҳисобга олсак, балки у бўлмаганида клуб шунча мураккабликлардан кейин музокараларни тўхтатган бўларди. Унга жуда катта меҳр ва ҳурмат билан қарайман. Фақат бир нарсадан афсусланаман — у билан узоқроқ ишлай олмаганман.
— Атиги бир йил...
— Ҳа, аммо шу бир йил давомида жуда кўп нарсани ўргандим: ўз ишингни янада яхшироқ бажариш, курашиш, бор кучингни ишга солиш... Унинг ўйинларга тайёргарлик жараёнига ёндашуви ақлбовар қилмас даражада эди. Майдонга тушганингда нима содир бўлишини аниқ билардинг.
Менимча, у — энг яхши вариант ва «Мадрид» мухлисларига кўп қувонч улашади. «Реал» барча мусобақаларда хавфли рақиб бўлади. Моуринио — мен учун алоҳида инсон, чунки у мени жамоага олиб келиш учун курашган — бундай нарса унутилмайди. Мен у учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман. Гарчи ҳозир деярли гаплашмасак-да, баъзида хабар алмашиб турамиз ва унга доимо энг яхши тилакларимни билдираман.
Менимча, у тўғри жойда, чунки дунёнинг энг яхши клубида ишлаяпти ва футбол тарихидаги энг буюк мураббийлардан бири. У рақибларда қўрқув уйғотади.
— Одамлар Моуринио келганидан кейин «Барселона» учун анча қийин бўлади, вазият ўзгаради, деб ўйлашяпти...
— Албатта. Аммо «Мадрид» ҳеч қачон бошқалар нима қилаётганига қарамаслиги керак, фақат ўзини ўйлаши лозим. «Барселона» унинг асосий рақиби бўлиши мумкин, аммо «Реал» ўз ишларига эътибор қаратиши керак — бошқалар «Мадрид»дан хавотир олсин, аксинча, эмас.
Ҳар доим шундай бўлган, ҳеч бўлмаганда менинг давримда ва ундан анча олдин ҳам. «Реал»нинг буюклиги ҳам айнан шунда, — дейди Модрич AS нашри билан интервюда.
Аввалроқ хорватиялик 40 ёшли футболчининг Криштиану Роналду ҳақидаги фикрлари берилганди.
«Моуриниони «Реал»га қайтариш тўғри қарор бўлди» — Модрич собиқ устози ҳақида
Футбол
4 сентябр, 05:54
15+
Мадрид клуби собиқ яримҳимоячиси интервюда Жозени ҳурмат қилишини, ундан миннатдорлигини айтди
Foto: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади