«Милан» футболчилари Австралия ва Индонезия бўйлаб уюштирилган сафардан сўнг бир неча кунлик дам олишга чиқди. Яримҳимоячи Лука Модрич бу кунлардан унумли фойдаланиб, Хорватияда оиласи даврасида вақт ўтказди. Кеча тунда тажрибали футболчи Миланга қайтган ва бунинг учун бюджетли рейсдан фойдаланди.
La Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, Модрич самолёт бортида ва аэропортдаги мухлисларнинг селфи тушиш ва дастхат олиш ҳақидаги илтимосларини рад этмаган.
Маълумот учун, Лука Модрич сентябр ойида 41 ёшни қарши олади. Ўтган ойда яримҳимоячи «Милан» билан шартномасини 2026/2027-йилги мавсум охиригача узайтирганди.