«Милан» ҳимоячи Страхиня Павлович билан шартнома узайтирилганини эълон қилди.
Янги келишувга кўра, футболчининг «россонери» билан шартномаси 2031 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Шунингдек, битимда шартномани яна узайтириш банди ҳам кўзда тутилган.
Павлович серб футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолияти давомида «Партизан», «Монако», «Серкл Брюгге», «Базел» ва «Залцбург» клубларида тўп тепган. Ҳимоячи 2024 йил ёзидан буён «Милан» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Шу вақтга қадар Павлович миланликлар сафида барча турнирларда 80 та учрашувда майдонга тушиб, еттита гол ва тўртта голли узатмани ўз ҳисобга ёздирган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг айни вақтдаги бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил этади.