Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши ўртоқлик баҳсидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Жаноб, Каннаваро сизга савол шуки, Батраков ҳақида фикрингиз қандай? У кейинчалик янада кучли жамоа сафига ўтиши мумкинми?
- Шубҳасиз, яхши футболчи. Айниқса, вазиятларни ҳис қилиш, қисқа ва узун пасларда яхши ҳаракат қилади. Унинг келажаги порлоқ ўйинчи деб биламан.
- Бугунги баҳсда Абдуқодир Ҳусанов иштирок этмади. Эҳтимол, у бўлганида 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолган бўлармидик?
- Очиғи, бундай турдаги саволларни ёқтирмайман. Ҳусанов яхши футболчи. Аммо у бўлган вақтида ҳам мағлубиятга учраганмиз. Бугун майдонда ҳаракат қилган бошқа ёш ўйинчиларимиз ҳам яхши ўйин намойиш этишди. Ҳаммасини келажаги порлоқ. Мана шундай кучли жамоаларга баҳсда улар ўзлари учун тажриба олишди. Қолаверса, бугун яна икки нафар ўйинчимиз миллий жамоадаги дебютини ўтказди. Улар ҳам ёмон кўринмади. Ҳусанов топ ўйинчи. Шунга қарамай, мен майдондаги ўйинчиларимга тўлиқ ишонаман.
- Ўйинга аслида режа қандай эди? Ўйин давомида режаларингиз қанчалик ўзгариб кетди?
- Ўйинга бўлган режамиз ўзгармади. Бутун баҳс давомида бир хил давом этдик. Режамиз юқори прессинг остида рақибга босим ўтказишдан иборат эди. Биринчи бўлимда рақиб жарима майдончаси атрофида 10-12 марта улардан тўпни олиб қўйдик. Афсуски, вазиятларни гол билан якунлашда қийналдик. Юқорида айтганимдек, охирги 10 дақиқа ичида биз тўхтаб қолдик, ўйиндан узилиб қолдик. 2:0 ҳисоби футболда энг хавфлиси ҳисобланади. Россияга қарши баҳсдан йигитлар яхши тажриба олишди. Шундай рақибга қарши қандай ҳаракат қилиш лозимлигини тушуниб олишди. Хатолар устида ишлашда давом этамиз.
- Беллашувнинг 60-дақиқаларида захирадан ўйинга қўшилганлар ҳақида фикрингиз қандай? Холматов ўйинга қўшилиб кета олмади, Жияновда хато кузатилди. Ўйинчи алмаштиришда хато қилдим деб ўйлайсизми?
- Захирадан ўйинчи туширишда асосий муаммо уларнинг руҳий ҳолатида эди. Бу йигитлар ҳисоб 2:0 бўлиб турган вақтида ўйинга қўшилишди. Эҳтимол, уларнинг руҳий ҳолати ҳам баҳсга тўлиқ тайёр эмасди. Албатта, ҳисобда олдинда бориб туриб, охирида ютқазиб қўйсак, унда мураббийнинг ҳам хатоси бўлади. Россияга қарши баҳсда 10 та ўзгаришни амалга оширдик. Мағлубиятимизда Диёр ёки захирадан тушганлар айбдор эмас. Бутун жамоа ютқазди. Бироз ачиндим. Сабаби захирадан тушганлар жонини беришди, кўп югуришди. Лекин футбол ҳар доим ҳам адолатли якунланмайди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади