Live
13
Ўзбек

Луисма Эрнандес: «Ўзбекистон ишлаш ва ривожоаниш учун жуда яхши мамлакат»

Эксклюзив
6 октябр, 14:00
Испан мураббийи Tribuna.uz нашрига интервю берди.
Луисма Эрнандес: «Ўзбекистон ишлаш ва ривожоаниш учун жуда яхши мамлакат»
Фото: Getty Images

Испаниялик тажрибали мутахасси Луисма Эрнандес ёдингизда бўлса керак. У ўз вақтида Бекободнинг «Металлург» клубида фаолият кўрсатган. Айни пайтда Уммон чемпионатида «Ал Наср» жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият кўрсатмоқда. Испан мураббийи Tribuna.uz нашрига интервю берди.

- Жаноб Луисма, Ўзбекистондаги фаолиятингиздан сўнг Литва, Мальдив ороллари ва ҳозирда Уммонда ишлаяпсиз. Турли футбол маданиятларида ишлаш мураббий сифатидаги қарашларингизни қай даражада ўзгартирди?

- Ассалому алайкум ва интервью учун раҳмат. Турли муҳитларда ишлаш инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, шу билан бирга асосий ғояларингизни сақлаб қолиш ва уларни ҳар бир жойнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштиришга ёрдам беради. Ҳозирга келиб, фаолиятим давомида еттита мамлакатда ишладим. Ҳанузгача мувозанатни сақлаш ва шароитга мослашиш муҳим, деган фикрдаман.

- «Металлург»да дастлаб техник директор, кейин эса бош мураббий сифатида ишладингиз. Бошқа мамлакатларда орттирган тажрибангиздан келиб чиқиб, агар бугун «Металлург»нинг 2022–2023 йиллардаги фаолиятига назар ташласангиз, нимани бошқача қилган бўлардингиз?

- Жуда кам нарсани бошқача қилган бўлардим. «Металлург»да ҳамиша ёш футболчиларни жамоага жалб қилиш ва уларга ўзини кўрсатиш имкониятини беришга эътибор қаратганман. Чунки, айниқса, «Реал Мадрид» клуби томонидан қўллаб-қувватланадиган академияга эга бўлган жамоалар учун айнан шу нарса келажак ва мазмун беради.

Менимча, бу ерда мувозанат муҳим: тажрибали футболчилар билан ёш иқтидорларни уйғунлаштириш керак. Уларнинг яна Про лигада эканидан жуда хурсандман ва умид қиламанки, улар Суперлигага кўтарила оладилар. Мен уларни доимо кузатиб бораман ва «Металлург»га фаолиятида омад тилайман.

- «Металлург»да легионерлар ёки катта номга эга футболчиларга у қадар жиддий даражада таянмаган ҳолда жамоа қуришга ҳаракат қилдингиз. Бугун ҳам ушбу ёндашув замонавий футболда самара беришига ишонасизми ёки натижага эришишда индивидуал сифат янада муҳим аҳамият касб этмоқда, деб ҳисоблайсизми?

- Биз қарийб икки йил давомида бирорта ҳам легионерсиз ишладик. Кейин эса маҳаллий футболчилар савиясидан юқори бўлиши керак, деб ҳисоблаган айрим легионерларни босқичма-босқич жамоага жалб қила бошладик.
2023 йилдаги кетишимга сабаб бўлган омиллардан бири шу эдики, ўша легионерлар менинг розилигимсиз танланган эди. Раҳбарият эса уларнинг трансфери учун масъулиятни ўз зиммасига олишни истамади. Ўша даврда қилинган ноқулай қарорлар учун ҳар ким ўз масъулиятини олсин. Мен ҳалол бўлдим ва кетдим. Аслида шундан кейин клуб Суперлигада иштирок этишни тўхтатди. Нима учунлигини сўраб кўринг.

- «Ўйин услуби» тушунчаси сизнинг футбол фалсафангизда жуда муҳим. Амалиётда мураббий футболчиларни ўз футбол ғояларига мослаштириши керакми ёки қўлидаги футболчиларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўз услубини мослаштириши лозимми?
- Аввал айтганимдек, мувозанатни топиш керак. Ҳар бир мураббийнинг ўз ўйин услуби бор ва ана шу ғоялар доирасида у мавжуд таркибни баҳолаб, ўз услубини жамоага мослаштириши лозим. Агар ўз услубингизга мос футболчиларни трансфер қилиш имкониятига эга бўлсангиз, вазият бошқача бўлади. Масалан, «Манчестер Сити»да Гвардиола ёки «ПСЖ»да Луис Энрике каби.

- Малдив оролларида «Мазия» билан бир мавсумда учта соврин — чемпионлик, Кубок ва Суперкубокни қўлга киритдингиз. Ушбу муваффақиятга эришишда жамоани бошқариш, футболчилар билан муносабатлар ва жамоа ичидаги муҳит тактик ғоялар билан солиштирганда қанчалик муҳим аҳамият касб этди?

- Малдив оролларида биз яхши жамоа ва ажойиб инсонлардан иборат катта гуруҳга эга эдик. Жуда талабчан ва оғир меҳнат қилдик. Бир мавсум давомида мағлубиятга учрамадик. Тарихий кўрсаткичлар қайд этилган ҳолда учта совринни қўлга киритдик. Афсуски, ОФК мусобақалари саралаш босқичида Қувайтнинг «Ал-Араби» жамоасига қарши баҳсга яхшироқ тайёрлана олмадик ва гуруҳ босқичидаёқ мусобақани тарк этдик.

- Малдив футболида сиз нафақат натижага, балки маҳаллий ёш футболчиларни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратдингиз. Европалик мураббий сифатида бошқа футбол маданиятида ишлаганда маҳаллий иқтидорларни ривожлантиришда энг катта қийинчилик нимада?

- Биз легионерлар таркибида ўзгаришлар қилдик ва бир қатор яхши ёш футболчиларни ҳам жамоага жалб этдик. Уларнинг айримлари ҳозирнинг ўзидаёқ миллий жамоа таркибида билан — бунга энг яққол мисол. У 16–17 ёшларида менинг қўл остимда чемпионатдаги дебютини ўтказган ва ҳозир ҳам ривожланишда давом этмоқда.

Бу — инфратузилма борасида кўплаб чекловларга эга бўлган мамлакат ва ороллар мажмуаси. Бу эса футболчиларнинг янада яхшироқ ривожланишига тўсқинлик қилади. Жуда талабчан давр бўлди. Шунга қарамай, бу ердаги меҳнатим ва қўлга киритилган совринлар ҳақида яхши хотираларга эгаман. Раҳмат, Малдив ороллари. Раҳмат, «Мазия» СК.

- Ҳозирда Ўмонда фаолият олиб боряпсиз. «Ал Наср» билан дастлабки учта учрашувингизнинг барчасида ғалаба қозониб, 9 очко тўпладингиз. Янги жамоада биринчи навбатда нимани ўзгартиришга ҳаракат қилдингиз: тактикани, интизомни, менталитетни ёки футболчилар ўртасидаги ўзаро ишончни?

- Ҳозир Ўмонда мендан олдин яна бир яхши испаниялик мураббий ишлаган. У ўтган мавсумни яхши якунлаб, жамоа билан яхши иш олиб борган ва уни ривожлантирган. Учта учрашувдан кейин 9 очко билан чемпионат пешқадами бўлишимиз биз клубга келган пайтимизда тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ҳолат эди. Чунки биз мавсумолди тайёргарликни кеч бошладик, айрим футболчилар эса машғулотларга фақат сўнгги ҳафтадагина қўшилишди.

Бошланиш жуда қийин кечди. Аммо мухлислар, раҳбарият, футболчилар ва мураббийлар штаби биргаликда ҳаракат қилиб, ажойиб натижага эришдик. Мавсумолди тайёргарлик жараёнида қисқа вақт ичида кўплаб жиҳатлар устида ишладик: тактика, интизом, менталитет ва ўзаро ишонч. Ҳозир ҳам ушбу йўналишларнинг барчасида ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Клубнинг амбицияси юқори ва биз чемпионатда юқори ўринлар учун курашишни истаймиз.

- Сиз турли футбол муҳитларида ишлагансиз. Мураббий сифатида қайси мамлакат сиздан энг кўп мослашувчанликни талаб қилди: Ўзбекистон, Литва, Малдив ороллари ёки Ўмон? Нима учун?
- Ҳар бир мамлакат ўзига хос. Литва Европада жойлашган ва у ердаги менталитетлар маълум маънода ўхшаш. Қолган мамлакатлар эса маданияти ва дини жиҳатидан фарқ қилади. Мальдив оролларида самарали ишлаш учун имкониятлар ва шароитлар кўпроқ чекланган. Уммон эса ривожланиш босқичида. Шу билан бирга, умумий ҳолатда спорт инфратузилмаси ва объектларини янада яхшилаш зарур.

Ўзбекистон эса ишлаш ва ривожланиш учун жуда яхши мамлакат. Буни унинг халқаро майдондаги ўсиши, жумладан, жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳам кўрсатиб турибди.

- Ўзбекистон футболидаги воқеаларни кузатиб борасизми? Агар бугун Ўзбекистон Суперлигасидаги бирор клуб сизга жамоани нолдан шакллантириш имкониятини таклиф қилса, ўзбек футболида биринчи навбатда қайси муаммога ечим топишга ҳаракат қилган бўлардингиз?

- Ҳа, Ўзбекистон футболидаги воқеаларни кузатиб бораман. Мен мураббийлик қилган кўплаб ёш ва тажрибали футболчилар билан ҳамон алоқадамиз. Шуни ҳам унутмангки, рафиқам Ўзбекистондан, яъни оиламнинг бир қисми шу ердан.

- «Металлург»даги фаолиятингиздан кейин Ўзбекистон футболида қандай ўзгаришларни сездингиз? Қайси йўналишларда тараққиётни кўряпсиз ва қайси муаммолар ҳали ҳам ечимини кутаётганини деб ҳисоблайсиз?

- Аввал ҳам айтганимдек, Ўзбекистон футболи ривожланишда давом этмоқда. Федерациянинг янги қароргоҳи жаҳон даражасидаги иншоот. Менимча, сифатли академиялар, яхши инфратузилма ва малакали мураббийларга сармоя киритишни давом эттириш керак. Ўзбекистонни порлоқ келажак кутмоқда.

- Фаолиятингиз Испания, Жанубий Корея, Қувайт, Ўзбекистон, Литва, Малдив ороллари ва Ўмон каби географик жиҳатдан жуда кенг ҳудудларни қамраб олган. Мураббий сифатида ўзингизни муайян бир футбол мактабига яқинроқ деб ҳисоблайсизми ёки «глобал мураббий» тушунчасига яқинроқмисиз?

- Эҳтимол, шундайдир. Мен Испания, «Барселона», «Реал Мадрид», «Манчестер Сити», «Арсенал» ва «ПСЖ» каби жамоаларнинг услубидан, шунингдек, Гвардиола, Луис Энрике ва де ла Фуэнте каби мураббийлардан таъсирланганман.

Охир-оқибат, ҳар бир инсон ўз моҳияти ва унга таъсир қилган омиллар уйғунлигидан шаклланади. Муҳими, ушбу таъсирларни муайян шароитга мослаштира билиш.

- Ва ниҳоят, эҳтимол, энг муҳим савол: сизда UEFA Pro лицензияси, турли қитъаларда ишлаш тажрибаси ва сўнгги мавсумларда эришилган салмоқли натижалар бор. Фаолиятингизнинг кейинги босқичида Луисма Эрнандес нимани исботламоқчи: яна бир чемпионликни қўлга киритишними, янада каттароқ клубда ишлашними ёки ўз футбол фалсафасини янада юқори даражада намойиш этишними?

- Мен доимо ривожланишга ва жамоамнинг ҳам жамоавий, ҳам индивидуал жиҳатдан ривожланишига ҳисса қўшишга интиламан. Совринларни қўлга киритиш, янада кўпроқ халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ва ўз ҳиссамни қўшишни истайман.

Бугунги янгиликлар