Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик беллашувидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Корея Республикасига қарши учрашув ҳақидаги фикрингиз?
- Жуда яхши учрашув бўлди. Натижа борасида, албатта, афсусдамиз, бироқ ўйин сифати нуқтайи назаридан жамоамиз муносиб ҳаракат қилди. Футболчиларга Корея миллий жамоасига имкон қадар кўпроқ қийинчилик туғдириш вазифасини қўйгандик. Учрашувнинг ҳар икки бўлимида ҳам кўплаб вазиятлар яратишга муваффақ бўлдик. Кучли рақибга қарши баҳсларда эса кичик тафовутлар ҳам якуний натижани белгилаб беради.
- Корея терма жамоасининг қайси жиҳатларидан фойдаланишга ҳаракат қилдингиз?
- Энг аввало, футболчилардан ўзларига бўлган ишонч билан майдонга тушишларини талаб қилдим. Корея Республикасида бундай даражадаги учрашув ўтказиш осон эмаслигини яхши англагандик. Ғалаба билан қайтиш учун ўйиннинг барча жиҳатлари юқори савияда бўлиши керак эди. Бу, аввало, юқори интенсивлик, фаол ҳаракат ва тўп назоратини англатади.
Натижада мазкур жиҳатларнинг маълум қисмини амалда намойиш эта олдик. Учрашув давомида кўплаб голли вазиятларини яратдик. Корея терма жамоасининг аниқ зарбалари сонини ҳисобга оладиган бўлсак, менимча, улар бор-йўғи икки марта жиддий хавф яратишди. Биз яратган вазиятларда эса рақиб дарвозабони бир қатор муҳим сейвларни амалга оширди. Бу эса яратилган имкониятлардан фойдалана олмаганимизнинг асосий сабабларидан бири бўлди.
Шундай бўлса-да, бу — футбол. Келгусида ҳам жамоамизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини излашда давом этамиз.
- Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футболида сезиларли ўсиш кузатилаётганини таъкидлаш мумкин. Бу борада фикрингиз қандай?
- Жамоага тайинланганимдан сўнг, жаҳон чемпионатига қадар таркибга катта ўзгаришлар киритмасликка қарор қилгандик. Ўша даврда туб ўзгаришлар қилишдан кўра, аввалги бош мураббий томонидан олиб борилган ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. Чунки айнан ўша жамоа Жаҳон чемпионатига чиқишдек муҳим натижага эришган эди.
Жаҳон чемпионатидан сўнг эса жамоада муайян ўзгаришларни амалга оширишга киришдик. Хусусан, ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш йўлини танладик. Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ёшлар футболига катта эътибор қаратиб, ушбу йўналишга сезиларли инвестиция киритмоқда. Зарур инфратузилма ва шароитлар ҳам яратилаётганини инобатга олиб, жамоада босқичма-босқич ўзгаришларни амалга оширишни тўғри деб билдик.
Ҳозирда ушбу жараён изчил давом этмоқда. Бугунги учрашув ҳам ёш футболчиларимиз учун Корея Республикаси каби кучли рақибга қарши баҳсда катта тажриба орттириш имконини берди. Якунда энг муҳим омил — футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ҳамда юқори савиядаги футбол намойиш этишга асосланган ягона фалсафадир. Ана шу йўналишда изчил ҳаракат қилсак, олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша олишимизга ишонаман.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади