Бугун
53
Ўзбек

Каннаваро: «Жаҳон чемпионатидаги натижалардан қатъи назар, янада кучли бўлиб қайтдик»

Футбол
13 октябр, 02:50
    15
Италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий жамоасида ишлаётганидан хурсанд эканини айтди.
Каннаваро: «Жаҳон чемпионатидаги натижалардан қатъи назар, янада кучли бўлиб қайтдик»
Фото: Getty Images

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро La Gazzetta dello Sport нашрига интервю берди. Италиялик мутахассис суҳбат давомида Ўзбекистонда ишлаётганидан хурсанд эканини ва жамоа жаҳон чемпионатидан кейин катта тажриба орттирганини таъкидлади.

«Бу жамоада ишлаш менга жуда ёқяпти. Ўзбекистонда биз танлаган йўлимиздан мамнунмиз. Жаҳон чемпионатини катта иштиёқ билан ўтказдик ва у биз учун катта тажриба бўлди.

Натижалардан қатъи назар, янада кучли бўлиб қайтдик. Мен эса умримдаги энг унутилмас ойлардан бирини, ҳатто энг яхши даврларимдан бирини яшаш имконига эга бўлдим.

— Сиз аввал ҳам кўплаб ғалабаларни бошдан кечиргансиз…

— Мураббийликдаги вазифа бошқача, шунинг учун нуқтаи назар ҳам ўзгача. Биз миллий жамоа сафида ҳали вояга етмаган футболчига дебют қилиш имконини бердик.

Аниқроғи, у ўйиндан уч кун ўтиб, 17 ёшга тўладиган йигит эди. Бундай вазиятда қандай қилиб ўзингни мамнун ҳис қилмаслик мумкин?

Албатта, энди бизни Осиё кубоги кутмоқда. Гуруҳимиз анча қийин, аммо бу даврда орттирган тажрибамиз билан мусобақага йўл оламиз. Ассоциация ҳам биргаликда амалга ошираётган ишларимиздан мамнун.

— Миллий жамоа ўйинларида танаффус бўлганда, бош мураббий нима билан шуғулланади?

— Сўнгги пайтларда амалга оширилган ишларни қайта кўриб чиқади. Мен Ўзбекистон миллий жамоасидан мамнунман, ҳатто фахрланаман.

Биз янги йўлни бошладик, таркибнинг ўртача ёшини сезиларли даражада пасайтириб, жамоани ёшартирдик ва қувонарли натижаларга эришдик.

Биз ишончли тарзда ғалабаларга эришдик. Ҳатто мағлубиятга учраганимизда ҳам, масалан, Жанубий Кореяга қарши ўйинда, майдонни қандай ўйнаганимиздан мамнун ҳолда тарк этдик», — деди мураббий.

Эслатиб ўтамиз, «оқ бўрилар» FIFA кунлари доирасида ўтказилган сўнгги ўртоқлик учрашувида Жанубий Кореяга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

15 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар