Наманганнинг «Навбаҳор» клуби айни пайтда ёзги йиғинини Туркияда давом эттирмоқда. Жамоа 11 турдан сўнг чемпионатда 4-ўринда.
Таркибида маҳоратли ва шу билан бирга келажаги порлоқ футболчилар йиғилган. Улардан бири истеъдодли ҳимоячи Ислом Маматказин ва у ҳозирги пайтга келиб наманганликларнинг ҳимоя қўрғонида мустаҳкам ўйинчилардан бирига айланган.
Маматказин «Навбаҳор»га чемпионат бошида қўшилди. Суперлигада 8 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол урди. Кубок баҳсида эса 2 та учрашувда қатнашди.
Ислом наманганликлар таркибида Туркия йиғинида қатнашиш билан бирга Tribuna.uz учун интервю беришга ҳам вақт топди.
- «Навбаҳор» билан Туркия йиғинида қатнашяпсиз. Айтинг-чи, у ердаги ёзги йиғин қандай ўтяпти?
- Туркияда йиғин бошлаганимизга ҳам бир ҳафтадан ошди. Биринчи ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Ҳаммаси яхши кечяпти, қизиқарли. 2 июль куни Туркиянинг «Истанбул Башекшеҳир» жамоаси билан ўйнаймиз. Бу баҳс ҳам қизиқарли бўлади.
- У ердаги тайёргарлик жараёнида энг асосий нарса нима?
- Туркияда аввало, жисмоний ҳолатга эътибор қаратилган. Қолаверса, яхши спарринг-рақиблар билан ўйинларимиз бор.
- Маълумки, мавсум аввалида клубга қўшилдингиз. Бошида захирадан тушиб ўйнадингиз, кейин асосий таркибдан жой олдингиз. Мураббийнинг ишончини қозониш учун нима қилдингиз?
- Ҳа, клубга йил бошида қўшилганман. Захирада? Барибир ҳаммада мослашиш жараёни бўлади. Мен билан боғлиқ асосий сабаби шундаки, ўтган йили охирги 4 ойни жароҳат туфайли ўтказиб юборгандим. Жароҳатим яхши тузалмаганлиги боис бу ерга келиб, бошида спорт формамни тиклаш учун бироз қийинчиликлар бўлди. Худога шукр, кейин барчаси яхши бўлиб кетди.
- Тeмур Кападзе билан илк бор ишлаяпсиз. Олдин у сизни олимпия миллий жамоасини бошқарган пайтда ҳам йиғинга чақирганини биламан. Кападзега қандай таъриф берасиз? У билан ишлаш қандай кечяпти?
- Тўғри айтасиз, Кападзе билан кўп ишламаган бўлсам ҳам авваллари бир-икки бор миллий жамоа йиғинларига чақирган. Тeмур Кападзе билан ишлаш яхши. Тактик ва яна бошқа жиҳатлар бўйича кўп нарса ўрганса бўлади.
- Клубнинг ҳозирни эгаллаб турган ўрни ўйинига мос дея оласизми?
- Жамоамизни турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнига келсак, биз бундан ҳам юқорида бўлишга лойиқмиз. Жамоа 90 фоизга янгиланган. Шу сабабдан бошидан футболчиларни бир-бирини тўлиқ тушуниб олиши учун вақт кетди.
- Илгари «Андижон»да ҳимоячи сифатида голлар уриб турардингиз. «Навбаҳор»да ҳам бу ишни бажаришни қанчалик хоҳлайсиз ёки мураббийлар ҳимоядан чиқмаслигингизни айтишадими?
- «Андижон»даги фаолиятимга келсак, кўпроқ стандартларга урғу қаратиларди ва биз ҳам ҳужумга ёрдамга ўтардик. Вазиятларимиз кўп бўларди. Бу ерда асосан ўйинни назорат қилиш тактикаси асосида ҳаракат қиляпмиз.
- Маълумки, 2024 йилги Ўзбекистон Кубоги финалида «Навбаҳор»га гол ургансиз. Бу жамоага келганингизда ўша финал ва голингизни эслашдими?
- Ҳа, бу жамоага Кубок финалида гол урганман. Лекин Кубокдан ташқари бошқа ўйинларда ҳам бир неча бор «Навбаҳор» дарвозасини ишғол қилганман. Бошида мени ҳазил-ҳузул қилиб яхши кутиб олишди. Гоҳида эслаб турамиз, яхши хотира бўлиб қолган.
- Жамоада энг яқин дўстингиз ким? Кўпроқ ким билан мулоқот қиласиз?
- Жамоада ички муҳит зўр, ҳамма бир-бири билан дўстона. Маҳаллий ўйинчилардан Диёр Холматов, Муҳаммадали Усмонов, Шукрон Йўлдошев, легионерлардан Гиорги Жгеренаиа билан кўп мулоқотдамиз. Лекин умумий олганда, барча йигитлар билан ажойиб муҳит шаклланган.
- «Навбаҳор» билан олдингизга қўйган асосий мақсадингиз нима?
- «Навбаҳор» билан мақсадлар юқори. Жамоа билан чемпионлик ва Кубокни ютиш. Худо хоҳласа, қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.
Ислом Маматказин: «Навбаҳор» билан мақсадим — чемпионлик ва Кубокни ютиш»
Эксклюзив
30 июн, 13:16
Маматказин «Навбаҳор»га чемпионат бошида қўшилди. Суперлигада 8 та ўйинда майдонга тушди.
Фото: Андижон ПФК