Навоийнинг «Қизилқум» клуби кеча Андижонда майдон эгаларига қарши ўйинда ягона гол эвазига жуда муҳим бўлган ғалабани қўлга киритди.
Меҳмонлар сафида майдонга тушган жамоа сардори Ислом Кенжабоев ҳам ўз жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Футболчи ушбу ғалаба борасида бир қатор саволларга жавоб берди.
- «Қизилқум»нинг сафарда «Андижон»га қарши учрашувида бевосита майдонда ҳаракат қилган футболчиси сифатида нималарни айтган бўлардингиз?
- Ўзинглар ҳам кўрдинглар, жуда қийин бўлди. Ўртада «Андижон» жамоасига қарши тайёргарлик кўриш учун ҳам айтарли вақтимиз бўлмади. Йўлда бўлдик, Навоийдан Андижонга бориш ҳам узоқ. Стадион ичида ва бундай мухлислар олдида ўйнаш ҳар доим рақиб жамоага қийин бўлади. Аслида ҳар сафар «Андижон»га қарши ўйнаш жуда оғир. Шунга қарамай, мураббийни берган кўрсатмаларига асосан ўйнадик. Биринчи таймда гол уриб, кейин ўйин давомида асосан ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилдик.
- Учрашувни мана шундай сценарий остида кечишини тасаввур қилганмидингиз ёки сиз учун кутилмаган ҳолат бўлдими?
- Айнан мен учун кутилмаган ҳолатлар бўлгани йўқ. Футболчиларни тайёргарлиги, «настройи» ва кайфияти фақат ғалаба билан қайтиш эди. Мен ва жамоадошларим учун ҳам бу янгилик бўлмади. Майдонга катта иштиёқ билан тушдик. Футболда асосийси иштиёқ. Футболга қандай муҳаббат қўйсангиз, футбол ҳам сизга шундай жавоб қайтаради. Биз фақат уч очко олиш учун боргандик. Якунда ўз мақсадимизга эришдик. Турнир жадвалида ҳам ёнма-ён кетаётгандик. Охирги ўйиндек майдонга тушдик-да. Қолган 6 та ўйинни барчасида ҳам худди охирги учрашувга чиққандек чиқамиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Агар ўзимиз хоҳлаган 5-ўринни истасак, бу ёғига ҳам янада қаттиқ ҳаракат қиламиз.
- Жамоа сардори сифатида сизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Бунда сиз қўшимча босимни ҳис қилмаяпсизми?
- Сардорликни ҳам ўзига яраша масъулиятлари бўлади. Олдин ёшроқ бўлганман ва у пайтда яхшироқ ўйнаб, жамоадошларимга ёрдам беришни истардим. Ҳозир жамоадошларингиз ўйини чиқмаган пайтда уларни «уйғотиш», далда бериб, қўллаб-қувватлаш керак. Қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетиш учун жамоа сардорини ҳам ҳиссаси бўлади-да. Ҳар хил сўзлар билан «уйғотиш» мумкин, биринчи таймдан кейин ечиниш хонасида гаплашасиз. Сардорликни ўзига яраша масъулиятлари бор. Боз устига маҳаллий футболчиман. Ютқазиб қўйсак, Навоийда барибир сиздан сўрайди-да.
- Ҳозиргача 15 та ўйинда ҳисобингизда 1 та гол бор. Олдинлари эса голларингиз нисбатан кўпроқ ва индивидуал ҳаракатларингизни ҳам кўпроқ кузатардик. Голларингиз камлиги жамоавий ўйинга урғу қаратаётганингиздан далолатми?
- Апрелда зич тақвим бўлганди. Ўшанда жароҳат олишни бошладим. Ундан кейин яна шошилиб чиқиб ўйнадим ва тўрт марта жароҳат олдим. Тўғри айтяпсиз, кўпроқ жамоавий ўйинга мослашганман. Яна бир-иккита учрашувдан сўнг тўлиқ 100 фоиз спорт формамга тушиб олиб, яна олдингидек мухлисларни хурсанд қиладиган Кенжабоевни кўрасизлар. Шу йил ҳисобидан тўлиқ учта ўйин ўйнадим. Ҳа, апрелда ҳам тўлиқ ўйнаганман, барибир бу мен учун жуда кам-да. Ўзимни кўрсата олмаганим, ўйнай олмаганимга асосан жароҳат ҳалақит қилиб қолди. Ҳозир ҳам кичик оғриқлар билан чиқдим. Лекин асосийси ўтиб кетган.
- Кейинги турда «Локомотив» билан ўйнайсизлар. Сафарда қўлга киритилган ғалаба «Қизилқум» жамоасига навбатдаги баҳслар учун руҳланиш маъносида қандай мотивация беради, деб ўйлайсиз?
- Мотивация биз учун битта: олдимизга қўйилган мақсад - кучли бешталикка кириш. Йўлимиздан қанақа рақиб чиқса ҳам курашамиз. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни билади. Про лига ёки биринчи лига жамоалари билан ўйнасангиз ҳам кутилмаганда ютиб қўйиши мумкин. «Локомотив» ҳам бизга ўхшаган жамоа, ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Бунинг устига ўз уйимизда ўйнаймиз. Ғалаба қозонишга ва юқори ўринларни эгаллашга бор кучимиз билан курашамиз.
Ислом Кенжабоев: «Футболга қандай муҳаббат қўйсангиз, футбол ҳам сизга шундай жавоб қайтаради»
Эксклюзив
18 октябр, 04:38
Футболчи ушбу ғалаба борасида бир қатор саволларга жавоб берди.
Фото: Қизилқум ПФК