Икки вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Конор Макгрегор меҳнат ва ўзига ишониш ҳақида пост эълон қилди.
Ирландиялик жангчи тиззасидан олган жароҳатидан уч ой ўтиб Х ижтимоий тармоғида ўз фикрлари билан бўлишди. Ушбу жароҳат унинг UFC 329 турнирида Макс Ҳоллоуэйга қарши жанг орқали қайтишига тўсқинлик қилган эди.
«Истеъдодим йўқ. Мен ўз ишимни чин дилдан бажараман. Одамлар октагонга чиқишларимиз ва нокаутларимизни кўради. Лекин барча меҳнатни: эрта уйғонишлар, муваффақиятсизликлар ва таслим бўлишга осонроқ пайтда ҳам олдинга юриш қарорларини кўрмайди.
Ўзимни тайёр ҳис қилишимни кутиб ўтирмадим. Тайёр бўлишга қарор қилдим. Ўзингга ишон. Меҳнат қил. Мақсадингга чин дилдан ҳаракат қил», — деб ёзди Макгрегор.
Жангчи ўз мурожаатида натижалар ортидаги кундалик меҳнат ва қийинчиликларга қарамай давом этиш аҳамиятини таъкидлади.