«Нюкасл» яримҳимоячиси Сандро Тонaли – «Манчестер Юнайтед»га ёқадиган футболчилардан бири.
Манкунианликларнинг трансфер мақсадлари ҳақида инсайдер Юен Жейкобс The United Stand стримида маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, Тоналига «МЮ» қизиқмоқда, аммо италян футболчиси А Серияга қайтишни орзу қилади. Шу билан бирга Италия жамоалари 25 ёшли ҳавбекни ўз сафига қўшиб олишда молиявий томондан қийинчиликка дуч келишлари мумкин. АПЛ клуби эса бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Жейкобс манчестерликлар ёзда чап қанот вингерини сотиб олишини ҳам аниқ деб ҳисоблайди. Бу борада асосий нишон – «Лейпциг»дан Ян Диоманде. «МЮ» бу позицияни кучайтириш учун катта маблағ сарфлаши мумкин.
Бундан ташқари, «Юнайтед» «Боруссия Д» ҳимоячиси Юлиан Рюэрсонни ҳам кузатмоқда.
«Қизил иблислар» шорт-листида «Ноттингҳэм Форест» яримҳимоячиси Эллиот Андерсон ҳам бор, лекин «ўрмончилар» футболчига нарх белгиламаган ва уни арзон сотишни режалаштирмаяпти.
Олдинроқ «МЮ» бош мураббийликка 3 нафар номзодни кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.