Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино жаҳон чемпионатининг тижорий ҳуқуқларини бошқариш учун янги тузилма яратиш ташаббуси муҳокама босқичида эканини маълум қилди. Лойиҳа фақат жаҳон футбол ассоциациялари томонидан маъқулланган тақдирдагина ҳаётга татбиқ этилади.
«Таклифимиз 211 аъзо ассоциациямизнинг аксарияти ва ФИФА Кенгаши томонидан маъқулланса ва фақат шундагина, тижорий фаолият ҳамда тадбирларни ташкил этиш билан шуғулланадиган, ФИФАга тегишли ва унинг назоратидаги корхона ташкил этилади. Ҳозирда биз музокаралар жараёнини бошлаш босқичидамиз. Бу – демократик жараённинг бир қисми ва ҳозирча шунчаки лойиҳа, ҳеч қандай мажбурият эмас.
Бу қийматни юзага чиқариш учун спортни бошқариш ва ривожлантиришдан ташқари қўшимча билим ва тажриба талаб этилади. Бу бутун дунёда футбол ривожини жадаллаштириш учун ажойиб имкониятдир. ФИФА турнирларининг юраги ва қалби бўлган мухлисларга келсак, улар учун ҳеч нарса ўзгармайди. Мухлислар ажойиб ўйиннинг пойдевори бўлиб қолади ва улар томоша қиладиган ҳамда яхши кўрадиган спорт ўзгармайди. Шубҳасиз, ФИФА ҳеч қандай ташқи аралашувсиз футболни бошқаришда давом этмоқда», - дея Инфантино сўзларини келтиради ФИФА матбуот хизмати.
Аввалроқ «The Times газетаси ФИФА президенти ФИФА Forward Enterprise (FFE) компаниясидаги улушини сотиш ниятида эканлиги ҳақида маълумот эълон қилган эди. Нашрнинг ёзишича, янги тузилма ташкилотнинг тижорат фаолияти ва мусобақаларни ўтказишни бирлаштириши керак эди. Ўз навбатида, «New York Post» нашри ташаббуснинг функционерлар норозилиги, бойкот таҳдиди ва федерация раҳбарияти ичидаги келишмовчиликлар туфайли бекор қилингани ҳақида хабар берди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади