Бугун, 10 ноябр куни ампутантлар футболи бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Мексикада ўтказиладиган жаҳон чемпионатида қатнашиш учун йўлга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
13–22 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан келган миллий жамоалар чемпионлик учун баҳс олиб боради.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси «Е» гуруҳидан жой олган. Ҳамюртларимиз гуруҳ босқичида АҚШ, Уругвай ва Марокаш миллий жамоаларига қарши майдонга тушади.
Миллий жамоамиз олдида гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олиш вазифаси турибди.
Футболчиларимиз Мексика майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва юқори натижаларга эришиш учун кураш олиб боради.