Ўзбек футболида охирги кунларнинг долзарб муаммоларидан бири клубларимизни молиялаштириш, ҳомийлик масалалари бўлиб турибди. Жумладан, «Бунёдкор» ФК матбуот хизмати стадионда электр энергияси ва иссиқ сув йўқлиги, вазият анчайин жиддий эканлигини маълум қилганди.
Куни кеча давлат томонидан футбол клубларига ажратилган пулнинг маълум қисми «қалдирғочлар» уйидаги муаммоларни бартараф этишга сарфлангани ва барчаси яна одатий режимда ишлай бошлагани маълум бўлди.
Мазкур масала юзасидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Унда шундай сўз юритилади:
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан футбол клубларига ҳомийлик қилиш мажбуриятларидан ўзини озод қилиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистон футбол жамиятидаги бир талай муаммоларни юзага чиқарди.
«Ўзбекнефтгаз» раисининг «Бунёдкор», «Бухоро» ва «Насаф» клубларига ҳомийлик қилишдан воз кечганини чиндан қўллаб-қувватлайман, агар жамият раҳбари бу қароридан қайтиб, яна ҳаммаси ўз ҳолича қолса, ачинарли бўлади.
Нега дейсизми? Чунки бу қарор жарроҳлик амалиётига ўхшаб кетади: кўричак кесиб олиб ташланмаса, барибир бир кун йиринглаб, ўлдиради – бу бир тарафдан. Футбол клублари ҳомийлик “игнасидан” тушмагунча, клубларни молиялаштириш муаммоси давом этаверади.
Иккинчи тарафдан, дарахтни тагидан чопсанг, биринчи бўлиб барглари тўкилади.
Одатий ҳол, пул оқими тугаши билан клуб раҳбарлари харажатларни қисқартиришни академиялардан бошлайдилар, гўёки 4-5 миллион оладиган болалар мураббийи лавозимини қисқартирсанг, клубнинг молиявий аҳволи яхшиланадигандек. Ўша қисқартирувчиларнинг ҳаёлига шу клубнинг маркетинг бўлимида 6-8 киши ўтириши ва уларнинг лавозим вазифаси айнан шундай инқирозли вазиятлардан чиқиб кетиш сиёсатини амалга ошириш экани ҳақида фикр келармикан?!
Кинояни четга суриб, масаланинг моҳиятига ўтайлик. 2025 йил 3 февралда «Бунёдкор» ФК МЧЖ Тошкент шаҳар филиали – болалар ва ўсмирлар футбол мактаби ягона таъсисчи қарори билан ташкил этилди. Бир йил давомида академия жамоаси клуб ва академия тарихида илк бор ҳам спорт, ҳам молиявий йўналишларда катта ютуқларга эришди: ЎФА ва ТФА мусобақаларида ва нуфузли халқаро турнирларда ғалабаларни қўлга киритди, йил натижалари бўйича ЎФА томонидан академияга ва унинг мураббийига маҳсус совринлар берилди, турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаларига ўйинчилар етказилди, чет эллардан делегациялар, жумладан ОФК вакиллари қабул қилинди – бу спорт соҳасида.

Ҳозирги кунда академияда Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Хитойдан келган тарбияланувчилар бор. Аста-секин академия донғи қўшни давлатларга чиқмоқда.
Молия соҳасида ҳам академиянинг натижалари салмоқли - йил якуни бўйича академия даромади – 8,7 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг январь ва февраль ойларида академияга 2,3 млрд. сўмга яқин даромад келиб тушган. Ундан ташқари, Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш тўғрисидаги давлат раҳбарининг 21.08.2025 йилдаги ПҚ-262-сонли қарори ижроси бўйича бир қанча чоралар амалга оширилди, йиллар давомида ремонтталаб академия таъмирланди, болалар ётоқлари янгиланди, ходимларнинг меҳнат шароитлари яхшиланди, бир қатор коррупцион ҳолатларнинг олди олинди – бундай ижобий чора-тадбирлар академиядаги муҳитни ҳамда мураббийлар ва ишчиларнинг меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартирди. Академия жамоаси бошқача ишлаш мумкинлигини тушунди, ҳар бир ходимга эътибор берилаётганини ҳис қилди (мавриди келганда айтиш жоиз, бу ютуқларда клуб вице-президенти К.Ҳакимовнинг ҳиссаси катта). Республикамизда бундай фаолият ва шундай кўрсаткичлар билан яна нечта академия ёки футбол мактаби фахрлана олади?
Ростини айтсам, мен содда, юқори кўрсаткичларга эришдик, энди илиқ сўзлар кутиш мумкин деб хаёл қилдим. Аммо «эшитдик-да» тоифасидаги янгиликларга қараганда, муваффақиятли ишлаб турган академиядаги тизим ўзгариши мумкин, яъни молиявий муаммолар сабабли клуб академияни яна ўз қарамоғига қайтармоқчи эмиш. Аслида эса «Бунёдкор» футбол академияси тўлиқ маънода мустақил эмас: клуб ва академиянинг СТИРи ягона, академия фақат суб-ҳисоб рақамидан фойдаланади.
«Бунёдкор» футбол академиясининг молиявий ва бошқарув жиҳатдан мустақиллиги оддий формал қарор ёки «ажратиш учун ажратиш» эмас эди, балки коррупцияга қарши чора ва стратегик ривожланиш учун зарур қадами эди. Клуб ва академияни шартли ажратиш академия фаолиятида шаффофликни таъминлаш учун амалга оширилган эди (кўрсаткичларни эътиборга олсак, ҳаёт бу қарор тўғрилигини кўрсатди).
Энди саволлар бериш мавриди келди (саволларим «Бунёдкор» клуби ва академия билан чегараланмайди, аксинча ҳамма клублар ва улар қошидаги академиялар муносабати билан боғлиқ): Нима учун клубнинг ҳозирги муаммосини академиянинг мустақиллиги билан боғлаш зарур? Кимга керак бу мантиқсиз қадам? Асос борми?
Умуман олганда, футбол академиясини клубдан ажратиш масаласи кўпинча нотўғри тушунилади. Одатда, бу қарорни клуб раҳбарлари «назоратни йўқотиш» деб қабул қилади. Раҳбарларга босим дастагини ушлаб қолиш муҳимроқми ёки улар даромаддан қуруқ қолишмасликка ҳаракат қиладиларми?
Аслида эса футбол академияси учун молиявий ва бошқарув мустақиллиги — бу оддий танлов эмас, балки зарурат, яъни болалар футболини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва келажакни кўра олиш масаласидир.
Клуб раҳбарлари академия ва клуб – бир хил эмаслигини тушуниб етишлари керак. Клуб ва академия бир ном остида фаолият юритса-да, уларнинг вазифалари мутлақо бошқача.
Клуб бугунги кун билан яшайди. Ҳозирги ўйин, очко ва футболчиларнинг маоши, мухлислар босими – бу масалалар клуб раҳбарини доим қисқа муддатли қарорлар қабул қилишга мажбур қилади. Бундай раҳбарнинг иш даври – кунбай.
Академия фаолияти эса 5–10 йиллик узоқ йўл, бу ерда ёш болалар ўсади, шаклланади ва тарбия олади. Академияда селекция ҳам бошқача ишлайди. Академия раҳбари эртанги натижа билан қониқмайди, унинг иши йиллардан кейин кўринади.
Лекин тажрибадан маълум, қисқа муддатли мантиқ узоқ муддатли ривожланишни босиб кетади. Инқирозга учраган клубни ва энди самарали қадам босаётган академияни бирлаштириш қанчалик тўғри билмайман. Қўлимдан ҳеч нима келмайди, аммо шундай қарорни қабул қилиши мумкин бўлган каттаконларга мантиқан фикрлашни таклиф қилишим мумкин: ташқи томондан ҳаммаси оддий, клуб ҳам, академия ҳам бир бренд остида ишлайдилар, аммо амалда клуб ва академия бутунлай бошқа-бошқа дунёда яшайдилар.

Клуб ва академия ўртасида молиявий боғлиқлик - болалар учун хавф. Клубда молиявий қийинчилик пайдо бўлса, биринчи бўлиб ким жабр кўради? Аксарият ҳолларда – академия. Ходимларнинг маошлари кечикиши, йиғинларнинг қисқариши, экипировканинг етишмаслиги, тиббий таъминотга эътибор сусайиши – кўп академиялар учун таниш манзара, тўғрими. Клубнинг профессионал ўйинчиларини контрактлар ва регламент ҳимоя қилади. Болалар ва академия мураббийларини-чи?! Академияни молиявий жиҳатдан клубдан ажратиш — бу клубдан «қочиш» эмас, болаларни ва ходимларни ҳимоя қилишдир.
Ота-оналар нима учун пул тўлайди?
Ота-оналар болаларини футболга юбориб, таълим ва ривожланиш учун тўлов қиладилар. Ҳозир бу тўловлар клубларда 800 000 сўм. Шунга яраша ота-оналар сифатли хизматларни талаб қилишга ҳақли. Нега улар клуб қарзларини ёпиш ёки бошқа харажатларини қоплаш учун пул беришлари керак? Клубнинг бош бухгалтери академиянинг ҳисоб рақамига “қўл солмаслигига” ким кафил бўла олади?
Мустақил академия дегани: алоҳида ҳисоб рақами, очиқ ва тушунарли бюджет ва ота-оналар олдида аниқ ҳисобот беришдир. Клуб бунга тайёрми?
Нега «Бунёдкор» футбол академияси тизими яхши ишлаб келмоқда, биласизми? Чунки академияда ишонч шаклланди, ишонч бор жойда тизим тўғри ишлайди. Бундай академия ўзини ўзи бемалол таъминлай олади. Давлат ва ҳомийлар учун академия фақат харажат манбаи бўлиб қолмаслиги керак. Пуллик гуруҳлар, ижара тўловлар, мусобақа бадаллари ва бошқа лойиҳалар – буларнинг барчаси тўғри бошқарув билан қонуний даромад манбаига айланади.
Муҳими, барча академияларда ва спорт мактабларида ҳамма даромад яна болаларга қайтиши керак. Клуб ичида эса ҳар қандай даромад «умумий қозон»да йўқолиб кетади.

Юзаки бошқарувдан воз кечиб, тизимли фаолиятга ўтиш вақти келди. Мустақил академияда, албатта, профессионал бошқарув бўлиши керак: аниқ KPI, аниқ талаб, аниқ мақсад ва аниқ режа. «Хўжа кўрсинга» эмас, балки «келажак учун» деган принцип ишлаши керак.
Таниқли футбол блогерларимиз йўлидан бориб, мен ҳам хорижий тажрибадан гапирай: чет элдаги машҳур футбол академияларининг кўпчилиги алоҳида тузилма сифатида иш олиб боради. Клублар уларнинг «эгаси» эмас, балки академия иқтидорли тарбияланувчиларининг истеъмолчисидир. Бундай ёндашув аллақачон ўзини оқлаган ва у брендни кучайтиради. Бизнинг клублар ҳам айнан шу йўл билан ўз мақомини тиклаши мумкин.
Сир эмас, клублар ўз академияларини ҳомийларга юк сифатида тиқиштирадилар, жуда қулай-да. Академиянинг фаолияти учун қўшимча “бир-икки сўм” олиш мумкин. Академияга мустақиллик берган клуб сунъий равишда ўз бюджетига пул кирита олмайди. Академия тарбияланувчиларига харажат сифатида эмас, келажакка сармоя деб эътибор бериш керак. Ҳар қандай академия ўзини ўзи таъминлай олиши шарт. Ўзбекистонда футбол академиялари мустақил бўлмас экан, «келажак» деган сўз футболда фақат шиор бўлиб қолаверади.
Спорт соҳасидаги маъсуллар самарали ишлаб турган тизимни бирлаштиришдан (синдиришдан) аввал юқоридаги мулоҳазаларни таҳлил қиладилар деган умиддаман.
Хулоса ўрнида саволлар...
Агар клуб қарзга ботса ёки молиявий инқирозга учраса, нега академия жавоб бериши керак?
Омадсиз трансфер зарар бўлиб чиқса, академия қисқариши шартми?
Нега бошқарув хатолари баҳосини 10–12 ёшли болалар тўлаши керак?
Болалар футболини катталар футболининг молиявий хатолари учун қурбон қилишга ким тайёр?
Агар саволларга жавоблар топилмаса, академиянинг самарали ишлаб турган тизимини йўқ қилиш мумкин...
Сиз нима дейсиз?
Шоҳида Нурматова